Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3421, 02.03.2023 й.).
Низомга асосан, Таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан (ҳар 3 йилда бир марта ) амалга оширилади.
Курслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – ИИВ Академиясида, қолган вилоятларда –ИИВ академик лицейларида ташкил этилади.
Бунда ўқиш тингловчининг асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади.
Ўқув жараёни 25 нафардан ортиқ бўлмаган тингловчилардан иборат гуруҳларда ташкил қилинади.
Ўқиш учун талабгорлар Академиянинг расмий веб-сайти орқали ариза берадилар. Талабгорнинг аризаси келиб тушган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ўрганиб чиқилади, ҳужжатларда ёки талабларда камчиликлар аниқланмаган тақдирда Академия ва талабгор ўртасида шартнома тузилади.
Тўловларнинг қуйидаги миқдорлари белгиланди:
- ҳайдовчи-йўриқчиларни қайта тайёрлаш, шунингдек малакасини ошириш курсларининг ҳар бири учун – БҲМнинг 4,5 баравари (1 млн 350 минг сўм);
- ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курси учун – БҲМнинг 4 баравари (1,2 млн сўм), уларнинг малакасини ошириш курси учун – БҲМнинг 7 баравари (2,1 млн сўм).
Тьютор (ўқитувчи-консультант) тингловчиларга уларнинг ўқув жараёнида иштирокини таъминлаш ҳамда ўқув дастурларини ўзлаштиришда яқиндан ёрдам беради.
Қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчига диплом, малака ошириш курсини тамомлаган тингловчига эса сертификат тақдим этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.03.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.