Адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2090-16, 2018 йил 15 январь) билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2017 йил 11 июлдаги ПҚ-3127-сон қарорида 2018 йил 1 январдан эътиборан автотранспорт воситасидан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларнинг, автотранспорт воситасининг ижара, текин фойдаланиш, гаров, лизинг шартномаларининг фуқаролар томонидан ДЙҲХХ бўлинмаларида ҳисобга қўйилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинган. Шу билан бирга нотариуслар томонидан уларнинг электрон шаклини жўнатиш тартиби жорий этилади. Яъни ҳисобга қўйиш автоматик равишда амалга оширилади.
Қабул қилинган ҳужжат ушбу йўл-йўриқ доирасидан ташқарига чиқди. Эндиликда нотариуслар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ДЙҲХХ органларига ҳисобга қўйиш учун нафақат айтиб ўтилган битимлар тўғрисидаги маълумотларни, балки автотранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя қилиш, рента) шартномалари тўғрисидаги маълумотларни ҳам юборади. Нотариуслар томонидан юбориладиган тасдиқланган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ рўйхати қуйидаги тарзда:
- автотранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари тўғрисида – илгари автомобилнинг техник паспортида бошқа шахсга ўтказилганлиги тўғрисида қайд қўйиларди;
- транспорт воситасини бошқариш учун ишончномалар тўғрисида – илгари ишончномага уни 10 кун ичида ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйиш зарурлиги ва ушбу талабни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида қайд қўйиларди;
- автотранспорт воситасидан текин фойдаланиш шартномалари тўғрисида;
- автотранспорт воситасининг лизинг шартномалари - илгари ишончномага уни 10 кун ичида ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйиш зарурлиги ва ушбу талабни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида қайд қўйиларди.
Қайд қиламизки, ушбу шарҳни эълон қилиш пайтида қуйидагиларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган:
- Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом (7.03.2006 йилдаги 38-сон ВМҚга илова) – 10-бандда транспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари ҳисобга қўйилиши эмас, балки ДЙҲХХ органларида рўйхатга олиниши лозимлиги мустаҳкамланади;
- Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом (31.08.2017 йилдаги 683-сон ВМҚга 1-илова) – 13-бандда автомототранспорт воситасининг эгаси уни рўйхатдан ўтказиш учун ДЙҲХХ органига мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни таслиқловчи ҳужжатни тақдим этишини мустаҳкамланади.
Шу боис янги тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун кейинчалик ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши эҳтимоли катта.
Ҳужжат 15.01.2018 йилда эълон қилинган ва кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин вақтда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.