Президент 21 апрелда тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир қарорни имзолади.
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида қуйидаги муассасалар ташкил этилди:
- Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази;
- Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси).
Уларнинг асосий вазифалари:
Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази
|
Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)
|
- давлат олий ва профессионал таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишлари бўйича педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
- иқтидорли ёш профессионал санъат намояндаларининг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, самарали педагогик технологиялар, электрон ахборот ресурсларидан кенг фойдаланган ҳолда таълим жараёнининг юқори даражада олиб борилишини таъминлаш;
- ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириш;
- бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларининг ўқув-методик базасини шакллантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш.
|
- тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;
- «устоз-шогирд» ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш;
- тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик савияси ва маҳоратини юксалтириш;
- санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарнинг юксак даражада ифода этилишига эришиш;
- чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш;
- юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш.
|
Марказ фаолияти 2022 йил 1 январдан бошланади. Устахона эса олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи бўлиб, ёш ижодкорлар унга стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида жалб қилинади. Рассомлик маҳорат устахонаси 2022/2023 ўқув йилидан очилади.
Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига юртимиз тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли ижодкор Павел Беньков номи берилди. Павел Беньков (1879 – 1949) – рассом, мусаввир, график, театр декоратори, педагог. Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Қозон рассомлик мактаби ва Самарқанд рассомлик билим юртида дарс берган.
2022 йил сентябрига қадар Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш топширилган.
2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига бюджет маблағлари ҳисобидан 100% миқдорида ойлик устамалар белгиланади.
Олег Заманов.