Марказий банк Бошқарувининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 18 апрелда 2014-11-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Аниқлаштирилишича, муассис-юридик шахснинг банкни очиш учун дастлабки рухсатни бериш тўғрисидаги аризасига, бошқа ҳужжатлардан ташқари, юридик шахснинг сўнгги 3 йил учун, шу жумладан солиқ органига тақдим этилган ва аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган баланс ҳисоботлари (илгари – сўнгги 3 йил учун солиқ органи ва аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган сўнгги икки ҳисобот санаси учун баланс ҳисоботлари) илова қилинади.
Белгиланишича, банкни очиш учун дастлабки рухсатни бериш тўғрисидаги аризада, шунингдек лицензия бериш тўғрисидаги аризада аризачининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Аризаларда аризачининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризалари бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилигини англатади.
Эндиликда банкни ташкил этишда норезидент жисмоний шахс ёки банк бўлмаган юридик шахс қатнашса, улар устав капиталидаги ўз улушини тўлашга лаёқатлилигидан ташқари устав капиталига йўналтирадиган маблағларининг келиб чиқиш манбаларини (шу жумладан, уларнинг кредит ва бошқа жалб қилинган маблағлардан шакллантирилмаганлигини) тасдиқлаши керак. Эслатиб ўтамиз, бундай тасдиқнома биринчи даражали чет эл банки томонидан берилади.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Қарор 2016 йил 10 июндан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.