2015 йил 6 майдаги ПҚ–2344-сон «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ Марказий банк Бошқарувининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 13 августда 2709-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Илгари амалда бўлган Тижорат банкининг ликвидлилигини бошқаришга бўлган талаблар тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 559, 1998 йил 2 декабрь), шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимча ўз кучини йўқотган деб топилди.
Умуман олганда, қуйидаги фарқлардан ташқари янги Низом эскисининг меъёрларини сақлаб қолган.
Янги Низомда «юқори ликвидли активлар» тушунчаси ва улар жавоб бериши лозим бўлган талаблар келтирилган.
Аниқлаштирилишича, ҳар бир банкда ликвидлиликни бошқариш сиёсати (алоҳида ҳужжат сифатида) ишлаб чиқилади ва банк Кенгаши (илгари – банк Бошқаруви) томонидан ҳар йили 1 февралгача тасдиқланади. Банк Кенгаши томонидан ҳар чоракда камида бир марта ликвидлиликни бошқарилиши муҳокама қилиниши ва натижаси юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниши лозим.
Шунингдек ҳар бир банкда Ликвидлиликни бошқариш қўмитаси (илгари – Ресурсларни бошқариш қўмитаси) тузилиши лозим. Аввалгидек, банк Бошқаруви раиси қўмита фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг аъзоларини банкнинг асосий таркибий бўлинмалари раҳбарларидан тайинлайди.
Илгаригидек, банкда ликвидлиликни бошқариш учун масъул бўлган таркибий бўлинма ташкил этилиши лозим. Эндиликда ушбу таркибий бўлинма даврий равишда ликвидлилик ҳолати юзасидан ҳисоботларни тузади ва фақат банк Бошқарувига (илгари – банк Бошқаруви ва Кенгашига) тақдим этиб боради.
Аввалгидек, жорий ликвидлилик коэффициенти (жорий активлар суммаси/жорий мажбуриятлар суммаси) 30 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.
Янги Низомда назарда тутилишича, банклар ўзларининг ликвидлилик ҳолатларини ҳар чоракда камида бир марта стресс тестларидан ўтказишлари лозим. Унинг натижалари бўйича банклар таваккалчиликни бошқариш стратегиясини тўғрилаб боришлари ва кутилмаган стресс ҳолатларида қўшимча маблағлар билан таъминлаш режаларини ишлаб чиқишлари зарур. Банклар стресс тестлари натижалари ва кўзда тутилмаган молиялашга доир тузилган режалар бўйича қабул қилинган қарорлар ҳақида Марказий банкка маълумотлар тақдим этишлари лозим.
Белгиланишича, ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициенти (юқори ликвидли активлар/кейинги 30 кун ичидаги жами соф чиқим суммаси) қуйидаги миқдордан кам бўлмаслиги лозим:
2016 йил 1 январдан бошлаб – 80 фоиздан;
2017 йил 1 январдан бошлаб – 90 фоиздан;
2018 йил 1 январдан бошлаб – 100 фоиздан.
Илгари 2015 йил 1 январдан бошлаб ушбу коэффициент 100 фоиздан кам бўлмаслиги лозимлиги назарда тутилган эди.
Аввалгидек, банклар 2018 йил 1 январдан бошлаб соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициентини (барқарор молиялаштиришнинг мавжуд суммаси/барқарор молиялаштиришнинг зарур суммаси) 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда таъминлашлари шарт. Фақат эндиликда барқарор молиялаштиришнинг зарур суммасига, бошқалар билан бир қаторда, балансдан ташқари моддалардаги мажбуриятларнинг 15 фоизи киради.
Янги Низомда соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициентини ҳисоблаш намунаси келтирилган.
Ҳужжатда бошқа фарқлар ҳам мавжуд.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 17 августдаги 32-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради. Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. «Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ тайёрлади.