Президентнинг 14.11.2017 йилдаги ПҚ-3386-сон “Рақобат муҳитини такомиллаштириш, ёнилғи-энергетик ресурслар ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш соҳасида суиистеъмол қилиш ва талон-тарож қилиш шароитларига чек қўйиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Юқори ликвидли маҳсулотларнинг асосий турларига нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишидан босқичма-босқич воз кечиш ва бозорда нарх белгилашга ўтиш қарорнинг асосий мақсади ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ҳужжат билан қатор чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.
1. 2018 йил 1 январдан бошлаб:
- давлат органларининг маҳсулотларга нархларнинг энг юқори даражасини, ҳажмларини ва уларнинг тақсимоти жойлашувини тасдиқлаш ваколатлари бекор қилинади;
- монополист корхоналар томонидан нефть маҳсулотлари, цемент, қора металлар прокати, мис, пахта толаси ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотларни фақат биржа савдолари орқали реализация қилиш тартиби жорий қилинади;
- биржа савдоларида харид қилинган маҳсулотларни қайта сотишга тақиқ бекор қилинади, бундан марказлаштирилган манбалар ҳисобига харид қилинадиган товарлар мустасно.
2. 2018 йил ҳосилидан бошлаб:
- пахта хом ашёси ва ғалла учун харид нархи фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини оширишга ёрдам берадиган рентабелликни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда оширилади;
- техник чигитлар, ўсимлик мойи, шрот, шелуха ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозор нархларини шакллантиришнинг янги механизми жорий этилади;
- қишлоқ хўжалигининг давлат харидини молиялаштириш тартиби қайта кўриб чиқилади.
3. Солиқ солиш соҳасида:
- 15.11.2017 йилдан бошлаб автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси ишлатганлик учун солиқ 50%га пасайтирилади;
- 1.01.2020 йилгача:
- мулкчилик шаклидан ва фойдаланиш мақсадларидан қатъи назар республика корхоналари томонидан импорт қилинадиган углеводород хом ашёси– божхона тўловларидан;
- “Ўзнефтмаҳсулот” АЖнинг нефтни қайта ишлаш корхоналари – фойда солиғини тўлашдан озод этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 15.11.2017 йилга кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.