Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Бепул юриш имтиёзи – ЯИДХП орқали

19.09.2022

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 16.09.2022 йилдаги 507-сон қарори билан Шаҳар йўловчилар транспортида (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

 

Имтиёзли карталарни олиш учун ҳудудий транспорт бошқармаларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш зарур.

 

Ваколатли орган томонидан икки иш куни мобайнида ариза кўриб чиқилади ва ариза берувчига имтиёзли картани бериш ёки унинг берилишини рад этиш ҳақида маълумот юборилади. Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди. Бунда имтиёзли карта чекланмаган муддатга берилади.

 

“Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўгрисида” Қонунга мувофиқ қуйидагиларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган:

  • 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • Афгонистонда ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар; 
  • ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи шахс.

 

Қарорга мувофиқ имтиёзли транспорт карталарини бериш босқичма-босқич:

  • Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида - 2023 йил 1 январдан бошлаб,
  • республиканинг барча шаҳарларида - 2023 йил 1 майдан бошлаб амалга оширилади.

 

Эски намунада берилган гувоҳномалар 2023 йил 1 сентябрга қадар ўз кучини сақлаб қолади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.09.2022 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.