Президентнинг 25 ноябрдаги қарорида давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган.
2021 йил 1 мартдан бошлаб пестицидлар, гербицидлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддаларни ишлаб чиқарадиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирадиган хўжалик юритувчи субъектлар:
- ушбу моддаларнинг стандарт намуналари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликлар ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхатига киритилишини;
- ушбу моддаларнинг стандарт намуналари билан бирга сотилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, вазирлик ва идораларга ушбу соҳадаги норматив базани шакллантириш топширилган:
биринчидан, 2021 йил 1 мартга қадар «Ўзбекистон Республикаси биологик хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши якунига етказилиши лозим. Унда, хусусан, қуйидагилар қайд этилади:
- ген-муҳандислик фаолияти хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, генетик модификацияланган организмлар хавфини баҳолашнинг миллий тизимини яратиш ва унинг фаолият юритиши;
- вужудга келган биологик хавф-хатарлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган мақсадли ишланмаларни тезкор молиялаштириш;
иккинчидан, яқин кунларда бир қатор ҳукумат қарорлари тайёрланади:
а) Ўзбекистон Республикаси 2019 йил октябрда қўшилган Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахен протоколини амалга оширишга қаратилган ҳужжат. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- таркибида ГМО, пестицидлар, озиқ-овқат қўшимчалари ва бўёқлар мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалашни босқичма-босқич жорий этиш;
- Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудларда жойлашган лабораторияларини аккредитациядан ўтказиш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек ўсимликшунослик учун хом ашё, омухта ва экиш материаллари таркибида ГМО мавжудлигини аниқлаш учун лабораторияларни ташкил этиш.
б) қуйидагиларни назарда тутувчи ҳужжат ишлаб чиқилади:
- биологик хавфларни мониторинг қилиш бўйича мустақил тизимни яратиш;
- биологик хавфсизликни таъминлашнинг миллий тизими доирасида автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий ва прогноз-моделлаштириш комплексини яратиш;
- объектлар, ҳудудлар ва табиий ҳодисаларнинг биологик хавф-хатар даражасини аниқлаш ва тоифалаш бўйича ягона мезонлар ва услубий базани ишлаб чиқиш.
Шу билан бирга, икки ой муддатда қуйидагиларни амалга ошириш белгиланди:
- Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция ва бошқа тегишли халқаро стандартларга мувофиқ рухсат берилган пестицидлар, заҳарли кимёвий моддалар рўйхатини ва минерал ўғитлардан фойдаланиш нормаларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
- биотехнологик маҳсулотлар истеъмоли ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлар, пестицидлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланишдан биопрепаратларга босқичма-босқич ўтиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Олег Заманов.