Президент томонидан 15.03.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-823-сон Қонун имзоланди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 31 январда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2023 йил 2 мартда маъқулланган.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, маъмурий органларнинг қарорлари устидан маъмурий судларга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш муддатини 3 ойдан 6 ойгача кўпайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.
Шунингдек болаларни хорижий мамлакатлар ҳудудида зарур даражадаги васийлик ва ҳомийликсиз қолдиришнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуклари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қонун билан «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга, Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда кўпи билан 30 кунлик муддат белгилаган ҳолда суд мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг зиммасига болани Ўзбекистонга қайтариш ёхуд ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклайди. Отанинг, онанинг ёки улар ўрнини босувчи шахснинг ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахснинг илтимосномасига кўра мазкур муддат яна ўттиз кунга узайтирилиши мумкин.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш ёки суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистон ҳудудига қайтарилишини таъминламаслик БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишини ошириш мақсадида «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонунга оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар сони 25 нафардан 50 нафаргача кўпайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш мақсадида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»даги ҳамда «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.03.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.