Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
29 ва 137-кодлар бўйича ҳисоботни жорий этишдаги қийинчиликларни қандай бартараф этиш мумкин Фойда солиғини ҳисоблашда хизмат автомобили харажатларини қандай ҳисобга олиш керак Умумий овқатланиш корхонасида маҳсулотлар (хом ашё) ва товарлар қандай ҳисобга олинади Умумий овқатланиш корхонаси, туроператорлар ва меҳмонхоналар бюджетга тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қандай қайтариб олиши мумкин

Биржаларда клиринг операцияларини ўтказиш қоидалари тасдиқланди

06.02.2018

 

Вазирлар Маҳкамасининг 17.01.2018 йилдаги «Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 33-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида сотиладиган товарларнинг тоифалари белгиланди (қуйидаги жадвалга қаранг).

 

Биржа савдоларида сотиладиган товарлар

 

Товар-хом ашё биржалари томонидан ташкил этиладиган ва ўтказиладиган кўргазма-ярмарка савдоларида сотиладиган товарлар

 

Муайян турдаги ва сифатдаги товарлар, шу жумладан ҳосила молиявий воситалар (деривативлар)[1]:

– дастлабки кўздан кечиришни талаб этмайдиган;

– сифат кўрсаткичлари ўзгармаслиги ва биржа битимлари мунтазам равишда тузилиши билан тавсифланадиган;

– биржа котировкаси варағига киритилган ва биржа савдоларига қўйиладиган.

Қуйидаги ҳар қандай товарлар:

– биржа товарига қўйилган талабларга жавоб бермайдиган;

– сотиб олувчиларга уларнинг намуналари ва моделларини, электрон каталогларини, реклама бюллетенларини, проспектларини ёки сотувга қўйилаётган товарни тавсифловчи бошқа ҳужжатларини олдиндан кўриб чиқиш имкониятини тақдим этадиган.

 

Биржалардаги ўзаро ҳисоб-китоблар – тасдиқланган қоидалар бўйича

 

Қарор билан Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидалари тасдиқланди. Унда қуйидагилар белгиланган:

  • клиринг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • ҳисобварақларни юритиш ва клиринг ўтказиш тартиби;
  • тузилган биржа битимлари бажарилишини таъминлаш тартиби;
  • клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатиш.

 

Ҳужжат билан биржа савдосида қўлланиладиган айрим тушунчаларга таъриф ҳам берилган. Масалан, клиринг – биржа аъзолари ва уларнинг мижозларининг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишга доир операциялар мажмуаси, шунингдек, улар ўртасида амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар. Ушбу операциялар ўтказилишини ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан кейин – ҲККП) клиринг электрон тизими орқали таъминлайди. ҲККП – юридик шахс мақомига эга бўлмаган биржанинг таркибий бўлинмаси.

 

Ким клиринг иштирокчиси бўлиши мумкин

 

Улар юридик шахс бўлган биржа аъзолари ва/ёки уларнинг мижозлари, шу жумладан хорижий, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар (биржа савдоларида харидорлар сифатида) бўлиши мумкин.

 

Маълумот учун: биржа аъзолари – биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ва биржа битимлари тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар (дилерлар, маркет-мейкерлар, брокерлар). Биржа аъзолари биржа савдоларида улар номидан биржа битимлари тузиш ваколатини олган ўз ходимлари (трейдерлар) орқали иштирок этадилар.

 

Клиринг иштирокчиси бўлиш учун ҲККПда рўйхатдан ўтиш зарур. Биржа аъзоси ёки унинг мижозига фойдаланувчининг шахсий рақами (ФШР) берилади ҳамда амалга ошириладиган битимлар бўйича мажбуриятларни ва талаб ҳуқуқини ҳисобга олиш учун зарур бўлган тегишли шахсий ҳисобварақ очилади.

 

Рўйхатга олингандан кейин клиринг иштирокчилари биржа савдоларида иштирок этиш ва ўз мажбуриятларини бажариш учун ҲККП иккиламчи ҳисобварағига пул маблағларини ўтказадилар. ҲККП иккиламчи ҳисобварағи биржага хизмат кўрсатувчи банкда очилади.  

 

ҲККП ва клиринг иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлиги – шартнома бўйича

 

ҲККП клиринг иштирокчилари билан клиринг хизмати кўрсатиш шартномасини тузади. Биржа аъзоси ва унинг мижози ўртасидаги ўзаро муносабатлар эса улар ўртасида тузилган топшириқ (воситачилик) шартномаси билан тартибга солинади. ҲККП биржа аъзоларининг мижозлари билан уларга хизмат кўрсатувчи биржа аъзолари орқали ўзаро ҳамкорлик қилади. Биржа аъзолари, агар бу топшириқ (воситачилик) шартномасида кўрсатилган бўлса, ўз мижозларининг вакиллари ҳисобланадилар.

 

Битимлар бўйича ҳисоб-китоблар фақат клиринг электрон тизими орқали амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 19.01.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Ленара Хикматова.

 


[1] Ҳосила молиявий воситалар (дериватив) – шартнома бўлиб, унга кўра тарафлар товар, қимматли қоғозлар, валюта ёки бошқа активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш ёки улар билан бошқа амалларни бажариш мажбуриятини оладилар. Деривативларга мисоллар – опционлар, фьючерслар, валюта свопалари ва ҳ.к. 



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-12-19
  • USD:12861.83 (+0.00) сум
  • EUR:13497.20 (+0.00) сум
  • RUB:125.47 (+0.00) сум