Президент томонидан 11.01.2022 йилдаги “Ўсимликлар карантини ва муҳофазаси тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-743-сон Қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-744-сон Қонун имзоланди.
Қонунлар билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунга (янги таҳрири) ўзгартиришлар киритилди.
МЖТКга ва «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришлар қуйидагилардан иборат:
биринчидан, МЖТКнинг 107-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, маъмурий жазо қуйидаги ҳолларда қўлланилади:
- назорат қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ва йўқ қилишда фитосанитария талабларини ва ўсимликлар карантини объектлари ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишнинг бошқа қоидалари бузилганда;
- фитосанитария чораларига риоя қилинмаганда, шу жумладан ўсимликлар карантини объектлари ва бошқа зарарли организмлар тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилмаганда;
Илгари, ушбу моддада назарда тутилган маъмурий жавобгарлик карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария қоидаларини ва бошқа хил қоидаларни бузганликлари, шунингдек ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар томонидан заҳарли бегона ўтларга қарши кураш чораларини кўрмаганликлари натижасида вужудга келиши мумкин эди;
иккинчидан, МЖТК 108-моддасининг номи ҳамда 1-қисмининг диспозицияси янги таҳрирда баён этилди. Ўзгартиришга кўра, карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш қоидаларини бузган шахслар (фуқаролар ёки мансабдор шахслар) маъмурий жавобгарликка тортиладилар;
учинчидан, МЖТКнинг 245-8-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Эндиликда, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил зиммасига МЖТКнинг айрим моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, бундай ҳуқуқ вакилнинг ўринбосарлари ва аппаратининг бош инспекторларига ҳам берилди;
тўртинчидан, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси янги таҳрирда баён этилган бўлиб, унда қуйидаги тушунчалардан фойдаланиш назарда тутилган:
- тартибга солинадиган маҳсулотлар;
- карантин рухсатномаси;
- карантин чекловлари;
- ўсимликлар карантини;
- фумигация;
- фитосанитария чоралари ва бошқалар;
бешинчидан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати тизими белгиланди;
олтинчидан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат хизматини бошқарувчи ваколатли орган белгиланди. Бу вазифа Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига юклатилди. Шунингдек, унинг ваколатлари ҳам белгиланди.
Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.
ЎРҚ-743-cон Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.04.2022 йилдан кучга киради.
ЎРҚ-744-сон Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.01.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.