Фойда солиғи ставкасининг 7,5%дан 14%гача оширилиши ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг бекор қилиниши муносабати билан фойдага нисбатан солиқ юкининг камайишига олиб келади.
2018 йилдан бошлаб ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг бекор қилиниши туфайли солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги корхоналар фақат юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлайди. Шу муносабат билан фойда солиғи ставкаси аксарият тўловчилар учун 14% этиб белгиланди (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 7-илова). Расман у оширилди – 2017 йилда у 7,5%га тенг эди. Бироқ амалда, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг (8%) бекор қилинишини инобатга олганда у 0,9%га камайди.
14% ставка бўйича фойда солиғини аукционлардан ва оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад оладиган юридик шахслар ҳам тўлайди. 2017 йилда фойда солиғини улар алоҳида – 35% ставка бўйича тўлашди.
Қуйидагилар учун фойда солиғининг алоҳида ставкалари сақлаб қолинади:
- тижорат банклари – 22%;
- мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган уяли алоқа компаниялари. Рентабеллик даражаси 20%гача бўлганда солиқ ставкаси 14%ни ташкил этади. Рентабеллик даражаси 20%дан юқори бўлганда – рентабеллик даражаси 20 фоиздан юқори бўлган фойда суммасининг 50%и.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.