Вазирлар Маҳкамасининг 03.12.2021 йилдаги “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 731-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солиш, шунингдек, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун ажратилган ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил этишга қаратилган.
Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудида биноларни турар жой тоифасига ўтказиш Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига (2018 йил 18 майдаги 370-сон ВМҚ билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон ВМҚ билан тасдиқланган) мувофиқ боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудидаги бинолар давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб мулк ҳуқуқи билан турар жой сифатида эътироф этилади.
Давлат рўйхатидан ўтган ширкатлар тўғрисида Давлат хизматлари агентлиги ва Кадастр агентлиги ўртасида электрон ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашинуви “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.12.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.