Президентнинг 12.04.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжат иловаларсиз ЎзАда жойлаштирилган.
Шу жумладан божхона органлари тизимида институционал ўзгаришларни назарда тутувчи Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. ДБҚда штат бирликларининг умумий сони доирасида қуйидаги янги бўлинмалар ташкил этилмоқда:
- Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси;
- Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси;
- Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармаси.
Сентябрь ойига қадар товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш топширилган. Шунингдек қонун ҳужжатлари нормалари бир хилда қўлланилиши, божхона тартиб-таомиллари самарадорлиги, ТИФ ТНга мувофиқ товарларни тўғри таснифлаш, уларнинг божхона қийматини тўғри аниқлашни мониторинг қилиш ва баҳолаш билан бирга божхона постлари фаолиятини назорат қилиш тизими ишлаб чиқилиши керак.
«Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти» ва «Тошкент-товар» божхона постларида божхона тартиб-таомилларини максимал даражада соддалаштириш, божхона тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш, товарларнинг ноқонуний импорти ва контрабандани аниқлашга қаратилган божхона маъмуриятчилигининг замонавий услубларини қўллаш бўйича дастлабки лойиҳалар амалга оширила бошлайди. Шундан сўнг ижобий тажриба бошқа божхона постларида қўлланилади.
Божхона соҳасидаги янгиликлар
1.07.2018 йилдан бошлаб жорий этилаётган тартибга мувофиқ:
а) товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади;
б) бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;
в) айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар 1 календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;
г) бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда ДБҚ марказий аппарати томонидан амалга оширилади;
д) ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан БЮДни Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;
е) импорт товарлари амалда Ўзбекистон божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади;
ж) божхона органлари солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари билан биргаликда устав капиталида давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади;
з) божхона омборларида 3 йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар 3 ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилади ёки йўқ қилинади;
и) божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади;
к) божхона органлари томонидан етакчи халқаро ташкилотлар услубиёти асосида мунтазам равишда товарлар божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти тизимли ўрганиб борилади, уларнинг натижалари эълон қилинади, шунингдек, ушбу соҳадаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Таҳририятдан: кўрсатилган нормаларни амалга оширишнинг батафсил механизми ҳозирча мавжуд эмас. Амалдаги норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилгандан ёки кўрсатилган жиҳатлар бўйича алоҳида ҳужжатлар тасдиқлангандан кейин тафсилотлар ойдинлаштирилиши мумкин.
Божхона кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилади
Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган:
- божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга;
- ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга;
- халқаро шартномалар нормалари, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларини, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини имплементация қилишга;
- божхона маъмуриятчилиги соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибаси, шу жумладан тарифларни тартибга солиш ва божхона назоратини ташкил этишга.
26 январь – божхоначилар куни
26 январь Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгиланди. Ҳукуматга тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига киритиш топширилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.