Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2019 йилдаги 364-сон қарори билан божхона органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ), ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, божхона постлари, Олий ҳарбий божхона институти, шунингдек Миллий кинология маркази божхона органларидир. Бинобарин, ҳужжат ушбу тузилмалар ходимларига нисбатан татбиқ этилади.
Божхона хизмати ходимларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш – «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонун билан назарда тутилган уларни ижтимоий ҳимоя қилиш турларидан бири. Божхоначининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ўз хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида етказилган тақдирдагина қопланади. Бунда у нафақат унинг шахсий мол-мулки, балки яқин қариндошлари: ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри, хотини, фарзандлари, шунингдек эри, хотинининг ота-онаси, ака-укаси ва опа-синглисининг мол-мулки ҳам бўлиши мумкин.
Ҳужжат қоидалари божхона хизмати органларидан пенсияга чиқарилган шахсларга ҳам, агар зарар уларнинг мол-мулкига ўз хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган бўлса, татбиқ этилади.
Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалаларини ДБҚ марказий аппаратида, вилоят божхона бошқармаларида, «Тошкент-АЭРО» ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология марказида тузиладиган доимий фаолият кўрсатувчи комиссиялар кўриб чиқади.
Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида жабрланган шахс божхона органи раҳбарига билдирги, унинг қариндошлари эса ариза беради. Мурожаат шу куннинг ўзида кадрлар хизматига йўналтирилади. Кадрлар хизмати 3 кун муддатда комиссияга билдирги (ариза), мол-мулкка зарар етказилган ҳолатлар бўйича текширув хулосаси ва етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
Комиссия ҳужжатларни олган кундан бошлаб 15 кун муддатда кўриб чиқади.
Етказилган зарар миқдори баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда, жабрланган шахснинг иштирокида, амалдаги бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Етказилган зарар миқдори қуйидаги шаклда қопланиши мумкин: нақд пул кўринишида ёки пул ўтказиш йўли билан, натура шаклида, тенг қийматдаги мулкни бериш, уни таъмирлаш кўринишида ва б. Тўловлар божхона органларининг молия-иқтисодиёт хизматлари томонидан комиссиянинг тегишли қарори чиқарилган пайтдан бошлаб 10 кун ичида амалга оширилади.
Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва кейинчалик айбдор шахсдан суд тартибида ундириб олинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.