Президентнинг 8.05.2018 йилдаги Фармони билан Бош прокуратуранинг Олий ўқув курсларини Бош прокуратура Академияси этиб қайта ташкил этиш назарда тутилган. Ҳужжат ЎзАда иловаларсиз жойлаштирилган.
Иш ўрганувчи, раҳбарлик лавозимига тайинлангунга қадар ўқитиш ва малака ошириш
Академия – прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун масъул таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси. Унга Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
Бу ерда касбий қайта тайёрлаш ва малака ошириш қуйидаги дастурлар бўйича амалга оширилади:
а) прокурор-тергов иши ва прокуратура органларида иш юритишни ташкил қилиш асосларини ўқитишга йўналтирилган прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодларни бирламчи ихтисослашув шаклида касбий қайта тайёрлаш (камида 576 соат).
Прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун номзодлар иш ўрганувчилар лавозимига тайинлангунига қадар ушбу дастур бўйича таълим оладилар. Фақат Бош прокурор истисно тариқасида мазкур касбий қайта тайёрлашдан ўтмаган шахсларни хизматга қабул қилиши мумкин.
Академия мазкур дастур бўйича таълим олаётганларнинг яшаш ва овқатланиш харажатлари учун тўловларни прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширишга ҳақли;
б) прокурор-тергов ва таҳлилий ишларни юритиш, норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш юзасидан касбий билим ҳамда кўникмаларни чуқурлаштиришга, шунингдек, ишни ташкил этишнинг инновацион шакллари ва методларини ҳамда бошқарув асосларини ўзлаштиришга йўналтирилган прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш (камида 576 соат);
в) қонунчиликдаги янгиликлар мазмун-моҳиятини етказиш, касбий кўникма ва малакаларни такомиллаштириш, прокурор-тергов ишининг илғор ютуқларини ўргатиш, шунингдек, прокуратура органлари ходимлари фаолиятидаги тизимли камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган прокуратура органлари ходимлари малакасини ошириш (камида 144 соат).
Прокуратура органлари ходимлари ҳар 3 йилда камида 1 марта малака оширишлари керак.
Курслар ва магистратура
Бош прокурор Академияда асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда қисқа муддатли ва бошқа курсларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.
Академияда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб магистрлар, шу жумладан, бошқа мутахассислик йўналишлари бўйича олий маълумотга ва прокуратура органларида камида 5 йиллик иш стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари ҳисобидан тайёрланади.
Академияда ишлаш шартлари
Прокуратура ходимлари келгусида прокуратура органларининг ўзлари эгаллаб турган лавозимига тенг бўлган бошқа лавозимларида хизматни давом эттиришини таъминлаган ҳолда Академияда хизмат ўташ учун ротация тартибида жалб этилиши мумкин.
Академия ходимларига Бош прокуратура ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади. Даражали унвонга эга бўлган ходимлар прокуратура органлари тармоқларида стажировка ўташ даврида уларнинг тегишли ваколатларидан фойдаланадилар ва мақом бўйича Академия тегишли тармоқлари (бўлимлари)нинг прокурорлари бўлиб ҳисобланадилар.
1.06.2018 йилдан Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Академия ходимларига прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган оширилган тариф коэффициенти ва алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устама ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ўз таркибига олувчи лавозим маошига 100% миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.
Академияга етакчи ўқув муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг юқори малакали мутахассис ва экспертларини шартнома асосида ўқув жараёнига жалб қилиниши мумкин.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.