Президентнинг 23.05.2018 йилдаги ПФ-5446-сон “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
2001 йилда ДСҚ ҳузуридаги Солиқ соҳасидаги қонун бузилишларига қарши тезкор курашиш бош бошқармаси базасида Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти ташкил этилган. 5 йил ўтгач у Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига айлантирилган. Ўша вақтда, 2006 йилда, унинг тузилмасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси ташкил этилган.
Департамент ЖКнинг 177, 179, 183-моддалари, 184-моддаси 1 ва 2-қисмлари (божхона қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), 186-моддаси 1-қисми ва 189-192-моддалари бўйича суриштирувни, яқин вақтдан бошлаб эса солиқ ва валюта қонунчилиги бузилишлари тўғрисидаги ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириб келган.
Қабул қилинган ҳужжат навбатдаги ўзгаришни назарда тутади. Энди бу Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти. Унда қуйидагилар ташкил этилди:
- Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси - Солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими, Валютага оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими, Истеъмол бозорини ҳимоя қилиш бўлими, Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши курашиш бўлими негизида;
- Ахборот-таҳлил бўлими ва Ташкилий-назорат бўлими - Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси негизида.
Департамент иқтисодий ва коррупциявий жиноятлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, тepговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширади. Унинг ваколатига киритилган жиноятлар рўйхати ўзгариши ёки ўзгармаслиги ЖПКга тегишли тузатишлар киритилгандан кейин тушунарли бўлади.
Бир вақтнинг ўзида унда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи функциялари сақлаб қолинди. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширадиган алоҳида субъектларга нисбатан назорат функциялари назарда тутилаётир (бу ерга қаралсин).
Хусусан, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни 30 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма беришга ҳақли.
1 июлдан бошлаб ЛБМА қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази иш чоғида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисида Департаментга зарур ахборотни мунтазам равишда тақдим этади. Бундан ташқари, Департаментга Марказий банк ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олишга рухсат берилди.
Бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар бўйича олинган хорижий грантлар ва давлат кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитларнинг сарфланишига алоҳида эътибор қаратилади. Тезкор-қидирув фаолияти натижалари бўйича бу йўналишда Департамент давлат ташкилотлари ва давлат улушига эга корхоналарни, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектларни текшириш ташаббуси билан чиқади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.05.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқин орада танишиш мумкин.
Олег Заманов.