Президент Бухоро ва Наманган давлат техника университетларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорларни имзолади (24.01.2024 й. ПҚ-22-сон ва ПҚ-23-сон).
Бухоро муҳандислик-технология институти ва Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида Бухоро давлат техника университети ташкил этилади.
Университетда нефть-газ муҳандислиги соҳасида Илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилади.
2025/2026 ўқув йилидан:
• ўқув фанларини ўзлаштириш кўрсаткичларини, шунингдек профессор-ўқитувчилар таркиби фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими халқаро тажриба асосида жорий этилади;
• университетнинг ўқитувчилари ва докторантлари илмий стажировка ўташ ва малака ошириш учун етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига юборилади;
• йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлар университетга саноат ҳамкорлари сифатида бириктирилади.
2026 йил 1 январдан университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.
Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилади.
ОТМ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илғор муҳандислик мактаби фаолият юритади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари мавзулари банки иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг реал муаммолари асосида шакллантирилади. Талабаларнинг битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларининг ҳимояси иш берувчи корхона ва ташкилотларда ўтказилади.
Йирик ишлаб чиқариш корхоналари университетга саноат ҳамкорлари сифатида бириктирилади.
ОТМлар олдига халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингларида топ-300га киритилган хорижий ОТМлар тажрибаси асосида миллий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси қўйилди.
Ҳужжатлар билан:
• университетлар фаолиятини ташкил этиш бўйича "йўл хариталари";
• университетларга бепул ўтказиладиган объектлар Рўйхати;
• ОТМларга бириктириладиган ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари Рўйхати тасдиқланди.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 27.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова