Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Инстаграмда реклама жойлаштириш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини кимлар ва қандай объектлар бўйича тўлайди

Цемент олиб кириш тартиби соддалаштирилди

26.07.2020

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 23.07.2020 йилдаги «Цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 450-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ цемент маҳсулоти импорт қилинганда, уни илгаригидек 28 кунда эмас, балки икки кун ичида эркин муомалага чиқариш мумкин.

 

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»;
  • цемент импортини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш ҳамда ички бозорда унинг сифатини назорат қилиш схемаси.

 

Ҳужжат билан қуйидаги тартиб белгиланди:

  • цемент республика ҳудудига биринчи марта олиб кирилганда – импорт қилувчи томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари сертификатлаштириш  (техник жиҳатдан мувофиқлигини баҳолаш) учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади, чунки товар божхона чегарасигача олиб келинган бўлади. Бунда 28 кун мобайнида сертификат берилади, сўнгра божхона органлари томонидан товарни эркин муомалага чиқаришга рухсатнома берилади;
  • бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти қайта олиб кирилганда – 12 ой мобайнида цементнинг бу тури бўйича сертификат мавжуд бўлганда, товар икки кун ичида, «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига тақдим этилган сертификатлаштириш органининг қарорига асосан муомалага чиқарилади. Кейин божхона юк декларациясига мувофиқ цементнинг ҳар бир туркуми бўйича унинг сифати техник талабларга мувофиқлиги юзасидан даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади, натижалари импорт қилувчига тақдим этилади.

 

Цемент туркуми намуналари белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу ҳақда бир кун муддатда қуйидагиларга ёзма равишда хабар берилади:

  • импорт қилувчи;
  • Қурилиш вазирлиги;
  • Давлат божхона қўмитаси;
  • Монополияга қарши курашиш қўмитаси;
  • «Ўзстандарт» агентлиги.

 

Бунда ушбу цемент маҳсулотини сотишни ва ундан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш тўғрисида импорт қилувчига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилади. Бундан ташқари, импорт қилувчи олти ой мобайнида ушбу товарларни эркин муомалага чиқаришда соддалаштирилган тизимдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Департамент билан биргаликда ички бозордаги цемент маҳсулотлари сифатини ўрганиш мақсадида чакана савдо шохобчаларида назорат харидларини амалга ошириш топширилди.

 

«Ўзстандарт» агентлигига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги ҳолатларда жарима санкцияларини қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш топширилди:

  • техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлиги;
  • ички бозорда цемент маҳсулотларини чакана сотишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.07.2020 йилдан кучга кирди.


Лола Абдуазимова.


Валюталар курси

2024-12-14
  • USD:12880.00 (+0.00) сум
  • EUR:13507.26 (+0.00) сум
  • RUB:124.01 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50