Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган ватанимиз спортчиларини ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш чора-тадбирлари Президентнинг 10.08.2017 йилдаги ПҚ-3196-сон қарорида назарда тутилган. Ҳужжат имзоланганлиги ҳақида давлат раҳбари сайтида хабар берилади.
Келаси йилнинг 1 январидан бошлаб нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган спортчиларга ойлик тўловлар, уларнинг тренерларига эса бир марталик пул мукофоти тўланади.
Бундан ташқари, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланишлари мумкин.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндорлар бўлган спортчилар учун тўланадиган умрбод ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари ЖШДСсиз амалга оширилади.
Тўловлар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси учун Давлат спорт қўмитасига ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари, Миллий олимпия қўмитаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат спорт қўмитаси тақдимномасига биноан Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари хусусий спорт муассасаларини ташкил этиш учун “ноль” қийматида бўш бино ва иншоотлар берилади ҳамда аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан ер участкалари ажратилади. Бунда асосий шарт - спорт йўналишидаги фаолиятни сақлаб қолиш ҳисобланади. Бунинг учун банклар имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар ажратади.
Ҳужжат алоҳида муассаса ва идораларга қатор топшириқларни ўз ичига олган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.