Президентнинг 3.07.2020 йилдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4776-сон қарори қабул қилинди.
Қорақалпоғистонда умумий қиймати 490 млрд сўмлик 236 та чорвачилик соҳасидаги лойиҳалар шакллантирилган. Бугунги кунда 119,6 млрд сўмлик 94 та лойиҳа амалга оширилган. Қўнғирот, Бўзатов, Мўйноқ ва Тахтакўпир туманларида 5,5 минг бош қорамолга мўлжалланган оилавий чорвачилик кооперациялари ташкил қилиш бўйича ишлар бошланган. Нукус шаҳрида чорвачилик соҳасидаги 20 га яқин етакчи хорижий компания вакиллари иштирокида "Халқаро агросаноат ярмаркаси" ўтказилган.
Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида амал қилган чорвачилик соҳасида лойиҳаларни амалга оширишнинг соддалаштирилган қоидалари энди қуйидаги қисмида Қорақалпоғистоннинг барча туманларига татбиқ этилади:
а) қуйидагиларни танлов ва аукцион ўтказмасдан, Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни жадал ривожлантириш бўйича комиссиянинг тавсиясига асосан ажратиш:
- чорва молларини саноат усулида боқиш учун - суғориладиган ерлар;
- уларни ҳайдаб боқиш учун -пичанзор ва яйловлар;
- чорвачилик комплекслари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида бино ва иншоотлар қуриш учун - қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси бўлмаган тақдирда, унумдорлиги паст суғориладиган ер участкалари;
б) қуйидаги лойиҳалар ташаббускорларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам бериш:
- йирик ва майда шохли наслли чорва молларини саноат усулида, шунингдек, яйлов ва пичанзорларда ҳайдаб боқиш бўйича;
- чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш бўйича;
- чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича.
Бунда уларга кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, истисно тариқасида, жамғарманинг кафиллигидан фойдаланишга рухсат берилади. Умумий қоидага кўра, Жамғарманинг берилган кафилликлар бўйича тижорат банки олдидаги мажбуриятлари кредит бўйича асосий қарз берилган кафиллик суммаси бўйича тўлиқ қайтарилганда бекор қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.07.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.