Вазирлар Маҳкамасининг 23.01.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 35-сон қарори қабул қилинди.
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, шунингдек Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фуқароларнинг ихтиёрий асосда иштирокини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда қуйидагилар белгиланди:
- «Чегара посбонлари» отрядларини ташкил этиш асослари ва уларнинг вазифалари;
- отряд аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- уларни рағбатлантириш тартиби.
Отрядлар аъзоларига тўланадиган ойлик тўловлар ДХХ Чегара қўшинларига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Ҳокимликлар ва ДХХ ҳудудий бўлинмалари томонидан отрядлар ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур хоналар ажратилиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан уларнинг мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланиши таъминланади.
Кўмаклашувчи отрядлар чегара зонасида, Давлат чегарасига туташ туманларда истиқомат қилувчи фуқаролар, шунингдек Давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади. Отрядлар аъзолигига номзодлар ташкилотчилик, кучли ирода, топқирлик, ташаббускорлик қобилиятларига ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар орасидан танланади. Кўмаклашувчи отряд аъзолигига қабул қилишда меҳнат шартномаси тузилмайди.
Отрядлар белгиланган ҳудудларда кузатув олиб борадилар ва тунги вақтларда жамоат жойлари, маҳалла кўчалари ва чегараолди ҳудудлардаги қаровсиз жойларда тунги патруллик фаолиятида иштирок этадилар. Бундан ташқари, улар табиий офатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда фуқароларни қутқариш, фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор қилишда кўмаклашадилар.
Кўмаклашувчи отрядга қабул қилиш фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхасини илова қилган ҳолда Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири номига тақдим қилган ёзма мурожаати асосида амалга оширилади. Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилиши лозим. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг фуқарони кўмаклашувчи отрядга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғи имзолангандан сўнг, унинг кўчирма нусхаси отряд аъзосининг асосий иш жойининг иш берувчисига юборилади.
Зарурат туғилганда, отряд аъзолари ўзларининг асосий иш жойи иш берувчиси розилиги асосида фаолиятидан йил давомида жами 30 иш кунидан ошмаган ҳолда вақтинча озод қилинади. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлашда амалий ёрдам ва кўмак кўрсатганлиги учун отряд аъзоларига қуйидагича ойлик тўловлари тўланади:
- отряд сардорларига – МҲЭКМнинг 1,41 бараваригача бўлган миқдорда;
- отряд аъзоларига – МҲЭКМнинг 1,06 бараваригача бўлган миқдорда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.01.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.