Ҳукуматнинг 07.06.2022 йилдаги 312-сон қарори билан “Ёшлар дафтари”ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга асосан, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга қуйидаги ёрдам турлари тақдим этилади:
- мураккаб ҳаётий вазиятда бўлган ёшларга бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 бараваригача);
- ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёш фуқарога фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда 30%и, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади;
- республикадаги профессионал таълим ташкилотларида таълим олаётган, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида ҳамда магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
- ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг 3 ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда қоплаб берилади;
- никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёшларга якка тартибда ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
- ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75%игача қисми, бироқ, қуйидагилардан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади:
- бир ойгача муддатли ўқув курслари учун – БҲМнинг 4 баравари;
- бир ойдан икки ойгача муддатли – БҲМнинг 8 баравари;
- икки ойдан ортиқ муддатли – БҲМнинг 12 баравари;
Низомда қуйидаги миқдорларда субсидиялар бериш белгиланган (энг юқори миқдори, БҲМда):
0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдони ажратиб берилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун |
8 |
тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини харид қилиш учун |
40 |
ёшларга замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун |
4 (ҳар ойда) |
ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олти ойгача муддатли ўқув курслари учун |
1 |
ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш учун иштирокчиларнинг яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун |
4 |
олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг халқаро босқичларида қатнашиш учун |
40 |
“Ёшлар дафтари”га киритилган бемор ёшларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун |
50 |
ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси |
3 (ҳар ойда) |
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.06.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.