Президент томониан 22.10.2024 йилдаги “Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-980-сонли Қонун имзоланди.
Ҳужжат билан 11 та қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Улар давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш тартибини бекор қилиш билан боғлиқ.
Ўзгартиришларга кўра, давлат мулкида бўлган ва ҳеч кимга хўжалик юритиш ҳуқуқида бириктирилмаган мулк гарови тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан кабул килинади. Бунда хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкини, шунингдек давлат ташкилотини хўжалик жамияти этиб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ва ушбу жараён якунлангунига қадар мазкур давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган давлат мулкини гаровга беришга йўл қўйилмайди.
Жиноят кодексидаги атама мувофиқлаштирилмоқда. Эндиликда «давлат иштирокидаги ташкилот» тушунчаси устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган барча тижорат ташкилотларни эмас, балки:
- устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори 50%дан ортиқ бўлган;
- ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган тижорат ташкилотларни англатади.
Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг ҳомийликни амалга ошириш имкониятлари қисқартирилмоқда. Эндиликда улар ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3%дан ошмаслиги керак (илгари – 10%дан) ҳамда бу харажатлар улар бизнес-режасининг ўтган ҳисобот давридаги соф фойдага тааллуқли қисми кўрсаткичлари бажарилганда амалга оширилади, бундан Президент Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ўзгартириш ва қўшимчалар Жиноят кодекси ва:
- «Гаров тўғрисида»ги;
- «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги;
- «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги;
- «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги;
- «Ҳомийлик тўғрисида»ги;
- «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги;
- «Давлат божи тўғрисида»ги;
- «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги;
- «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги;
- «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонунларга киритилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев