Президентнинг 2019 йил 19 февралдаги Фармони билан давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор янгиликлар киритилди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкент вилоятида эксперимент ўтказилиб, унинг доирасида давлат кўчмас мулки фақат «E-IJRO AUKSION» орқали сотилган (10 майдан) ва ижарага берилган (1 июлдан).
Энди ушбу тартиб бутун мамлакатда, бироқ муайян ўзгартиришлар билан қўлланмоқда.
Биринчидан, ваколатли давлат органлари қарорлари бўйича сотилган давлат мулки объектларининг олди-сотди шартномаларини мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Иккинчидан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади. Бунда ижара тўловининг энг кам ставкаси объектни балансда сақловчилар томонидан ижарага бериш мақсадида кўрсатилган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади.
Минтақавий ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг мурожаатидан сўнг 2 ой муддатда балансда сақловчилар томонидан уларнинг тасарруфидаги ҳудудда жойлашган, республика давлат бошқаруви органларига бириктирилган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) ижарага бериш таъминланмаган тақдирда, ушбу объектларни тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 1 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қонунчиликда назарда тутилган балансда сақловчилар учун ажратмалар тегишли маҳаллий бюджетга йўналтирилади.
Маълумот учун: давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш алгоритми – бу ерда.
Учинчидан, Давлат тендер комиссиясига (таркиби Фармон билан тасдиқланган, таҳр.), истисно тариқасида, хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари (улушлари) пакетларини сотишга рухсат берилди. Бунинг учун олди-сотди шартномаларини қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказган ҳолда танлов ўтказилади ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилади.
Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари тўлов муддатларини узайтириш ва чегирмалар тақдим этиш механизмлари қўлланилмаган ҳолда сотилади.
Эркин айирбошланадиган валютада сотиш учун савдога чиқарилган ва савдода турган давлат акциялари пакетлари савдолардан олинади, уларнинг миллий валютадаги қиймати аниқланган ҳолда қайта баҳоланади ва миллий валютада такрорий савдоларга чиқарилади.
Эътибор беринг! 2019 йил 1 мартдан давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлаш муддати савдолар ўтказилган санадаги сотиб олиш тўловлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади:
- ЭКИҲнинг 3 000 бараваригача – 3 ойдан кўп бўлмаган муддатда (бу ерда ва бундан буён – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб);
- ЭКИҲнинг 3 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда;
- ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 1 йилдан кўп бўлмаган муддатда;
- ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 2 йилдан кўп бўлмаган муддатда;
- ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан юқори бўлганда – 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда.
Президентнинг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси ёхуд Давлат тендер комиссиясининг қарорлари билан сотиб олиш тўловларини киритишнинг бошқача тартиби ва муддатлари назарда тутилиши мумкин.
Бу – муҳим! «Ноль» харид қийматида сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинди.
Олег Заманов.