Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2018 йилдаги 249-сон қарори билан Товар бозорида сотиладиган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Илгари биз мазкур ҳужжат лойиҳасини шарҳлаган эдик. Тасдиқланган таҳрирга киритилган бир қатор асосий тузатишларни кўриб чиқамиз.
1) Белгиланишича, корхоналар – монополист хўжалик юритувчи субъектлар чорак биринчи ойининг 10-кунига қадар монополияга қарши органга ҳисобот беришлари керак. Улар Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган товарларига қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар.
Нархлар ўзгариши ҳолати аниқланганда монополияга қарши орган 3 кун муддатда давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларга улардан 15 кун мобайнида зарур маълумотларни олиш учун ёзма сўров юборади.
Тақдим этилган маълумотларни ўрганиб чиққан ва молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилган назорат қилувчи орган иш қўзғатади ҳамда қонунбузарга аниқ хатти-ҳаракатларни бажариш: тўхтатиш, бартараф этиш ва бундан кейин қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик; асоссиз олинган даромадни истеъмолчиларга қайтариш; дастлабки ҳолатни тиклаш ва бошқалар ҳақида кўрсатма беради.
2) Ҳужжатнинг якуний версиясида белгиланишича, нарх биржа савдоларида шаклланган бўлса, монопол юқори деб эътироф этилмайди. Бунинг учун лойиҳада назарда тутилган иккита шарт: а) товар ҳажмини календарь ой давомида савдо сессиялари бўйича тенг тақсимлаган ҳолда уни биржада мунтазам сотиш; б) товар ҳажми қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдордан кам бўлмаслиги кераклиги ҳужжатга киритилмаган.
Бу – муҳим! Низом қоидалари биржа савдоларида бошланғич нархлар сифатидаги нархларга нисбатан қўлланилади. Яъни биржада нархлар ошиши мумкин.
Нархни монопол паст деб эътироф этиш шартлари ўзгартирилмади.
Низомда товарларга монопол юқори ва монопол паст нархларни белгилашнинг босқичма-босқич схемаси ҳам келтирилган (бундай далилларни аниқлаш таомили тавсифланган).
Бу – муҳим! Қуйидаги товар ва хизматларнинг нархлари давлат томонидан тартибга солинади:
- ижтимоий аҳамиятга эга ва стратегик турдаги;
- табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган;
- нархларининг тартибга солиниши Президент қарорлари билан назарда тутилган.
Нархлари тартибга солинадиган товарлар (ишлар) рўйхати билан ҳавола орқали ўтиб танишиш мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.03.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.