14.01.2021 йилдаги ЎРҚ-666-сон Қонун қабул қилинди, унга мувофиқ қуйидаги НҲҲларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
Биринчидан, энди халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашининг депутатига нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун тегишли халқ депутатлари Кенгаши ва уларнинг раҳбарлари розилиги талаб этилмайди (ЖПКнинг 239-м. 3-б.).
Иккинчидан, МЖТК қуйидаги ҳолатлар учун белгиланадиган жавобгарлик тўғрисидаги моддалар билан тўлдирилди:
- давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (1758-м.). 14.04.2021 йилдан кучга киради;
- адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик (1984-м.);
- Давлат активларини бошқариш агентлиги органларининг давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш ҳақидаги тақдимномаларини бажармаслик (2156-м.).
Товарлар, транспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатларини етказиб бериш бўйича божхона органлари томонидан белгиланган муддатларга риоя этилмаганлиги учун фуқаролар ва мансабдор шахсларга қўлланиладиган санкциялар чиқариб ташланди (2274-м. 5-қ.). Шунингдек илгари олиб кирилган транспорт воситасини Ўзбекистоннинг божхона ҳудудидан ташқарига белгиланган муддатда олиб чиқмаган шахс тегишли йиғимни ўз ихтиёри билан бир иш куни ичида тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади (22716-м. 6-қ.). Бошқа ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган.
Учинчидан, қуйидагилар Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши ва ҳисобга қўйилишига оид мажбурият белгиланди:
- фитосанитария талаблари («Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг 4-м.);
- давлат бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлари, умумий техник регламентлар бундан мустасно («Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 101-м.);
- санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари («Аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги тўғрисида»ги Қонуннинг 5-м.).
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритилишига йўл қўйилмайди, умумий техник регламентлар бундан мустасно. Адлия вазирлигида ҳужжатларни ҳисобга қўйиш ижобий хулоса олинганидан кейин амалга оширилади.
Тўртинчидан, Олий Мажлис Сенатининг назорат ваколатлари ва ҳал этадиган масалалари рўйхати қуйидагилар билан тўлдирилди («Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 302, 329, 3210-м.):
- халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ҳсоботларини эшитиш;
- Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш.
Бешинчидан, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг 10, 16-моддаларига ўзгартиришлар киритилди. Энди эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим ҳамда фонд биржасида эмиссиявий қимматли қоғозларга доир битимларни амалга оширишдаги йиғим Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига тўланади (илгари – тегишинча республика ва давлат бюджетига тўланган).
Олтинчидан, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари тўғрисидаги 271-модда киритилди. 14.04.2021 йилдан кучга киради.
Еттинчидан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ва унинг ҳудудий органлари иқтисодий, маъмурий судларга ва фуқаролик ишлари бўйича судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилади («Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8-м. 1-қ. 30-б.; 9-м. 1-қ. 10-б.; 10-м. 1-қ. 102-б.). Бошқа ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган.
Қуйидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган:
- «Маҳаллий давлат ҳокимият тўғрисида»ги;
- «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги;
- «Парламент назорати тўғрисида»ги;
- «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунга.
Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 14.01.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.