Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2021 йилдаги 612-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда қуйидагилар белгиланган:
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари;
- Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
- Қўмита раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулияти;
- Қўмита фаолиятини молиялаштириш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби.
Дин ишлари бўйича қўмита дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади. У ўз фаолияти юзасидан Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.
Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Дин ишлари бўйича қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади. Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси, 12-уй манзилида жойлашади.
Қўмита тизимига қуйидагилар киради:
- Марказий аппарат;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифалари:
- виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
- Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;
- диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;
- жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
- давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;
- аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
- фуқароларнинг хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;
- экстремизм, сепаратизм ва мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида маърифий-тарбиявий ишларни олиб бориш, бу борада илғор хорижий тажриба асосида таклифлар тайёрлаш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.09.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.