Президент томонидан 2022 йил 20 май куни “Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор имзоланди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон ва вилоятларда доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун ер майдонларини ажратишнинг йиғма мақсадли кўрсаткичлари;
- 2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон ва вилоятлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- 2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон ва вилоятлар ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- 2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон ва вилоятлар яйлов ер майдонларида каврак маданий плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- “Бир туман – бир маҳсулот” тамойили асосида доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар рўйхати;
- Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш ҳамда аҳоли ўртасида ундан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича “йўл харитаси”.
2022-2026 йилларда 36 минг гектар майдонда қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайҳон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампир ялпиз ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш ташкил этилади.
Яратилаётган ҳар 10 гектар ер майдонидаги доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ қазиш, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш мақсадида насос станциясини қуришга сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 млн сўмдан ошмайдиган миқдорда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси орқали субсидия ажратилади.
Экспортбоп доривор ўсимликлар етиштиришни кенгайтириш мақсадида Президентнинг 2021 йил 5 августдаги “Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5214-сон қарори 4-бандида назарда тутилган имтиёз ва молиялаштириш тартиблари доривор ўсимликларни етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилади.
2022 йил 1 июндан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 100 млрд сўм маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали қуйидагиларга:
- фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – доривор ўсимликларни етиштириш учун йиллик 14% (шундан 2%и банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади;
- доривор ўсимликларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган маҳсулотни харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14% (шундан 2%и банк маржаси) ставкада 12 ойлик “револьвер” кредитлар ажратилади.
Бундан ташқари, қуйидаги имтиёзлар тақдим этилди:
- 2025 йил 1 январга қадар доривор ўсимликларни етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80%ини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган ер солиғи, фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 50%га камайтирилади. Бунда мазкур хатбошига асосан солиқлардан озод қилинадиган маблағлар доривор ўсимликлар плантацияларини кенгайтиришга йўналтирилиши шарт;
- доривор ўсимликлар хомашёсидан биологик фаол қўшимчалар, эссенциялар ва экстрактлар ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё ва материаллар, қадоқлаш материаллари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади;
- доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш учун фойдаланиладиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, асбоб-ускуналар, хомашё, материаллар, кимёвий препаратлар ҳамда ҳимоя воситаларини олиб киришда қўшимча қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлаш имконияти берилади;
- доривор ўсимликлар хомашёси ҳамда ундан тайёрланган биологик фаол қўшимчалар, эссенциялар ва экстрактларни экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларининг экспорт учун сарфланган автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50%игача қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.
Лола Абдуазимова.