Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2025 йилдаги «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида «E-urug‘» ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 166-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан "E-urug‘" ахборот тизимида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш ҳуқуқи учун танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Танловларни ўтказишнинг қуйидаги тартиби белгиланди:
• Уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқармалари аризаларни қабул қилиш муддати бошланишидан камида 5 кун олдин танлов ўтказилиши тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизими ва ОАВда эълон қилади;
• иштирокчилар аризаларни тизим орқали топширадилар (пахта хомашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари учун 15 январдан 5 февралгача (2025 йилда - 19 мартдан 25 мартгача), бошоқли дон экинлари учун - 15 июлдан 5 августгача);
• ҳужжатларни топшириш муддатлари тугагандан сўнг бир иш куни ичида танловлар ўтказилади;
• танлов ўтказилгандан сўнг 5 иш куни ичида "Агросаноатни рақамлаштириш маркази" МЧЖ томонидан ғолиблар учун QR-код қўйилган баённома шакллантирилади;
• танлов ўтказилгандан сўнг 2 иш куни ичида ғолиблар рўйхати уларга берилган идентификация коди билан ахборот тизимида эълон қилинади.
Танлов ғолиби унга берилган баллардан келиб чиқиб қуйидаги мезонлар бўйича аниқланади:
• тупроқ балл-бонитети;
• сув таъминоти;
• хўжалик ташкил этилган вақт;
• қишлоқ хўжалиги техникаси мавжудлиги;
• зараркунандаларнинг йўқлиги ва бошқалар.
Мезонларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.03.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев