Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ШЖБПҲ учун ўтказиладиган маблағларнинг иш берувчилар томонидан тўланиши янги Низомда қандай тартибга солинган Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғини ким тўлайди 2024 йил ноябрь ойи учун ЖШДС ва ШЖБПҲга бадалларни қандай ҳисоблаш керак

Электр ҳисоблагичларни қиёслаш билан ким ва қандай шуғулланади

10.12.2015

Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг қўшма қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 1 декабрда 2736-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

 

Мазкур Низом электр энергиясидан маиший эҳтиёжлар учун фойдаланадиган жисмоний шахсларнинг (кейинги ўринларда – маиший истеъмолчилар) электр энергиясини ҳисобга олишнинг электрон приборларини (кейинги ўринларда – ҳисобга олиш прибори) қиёслашдан ўтказиш тартибини белгилайди.

 

Белгиланишича, ҳисобга олиш приборлари қуйидаги қиёслашдан ўтказилади:

 

даврий қиёслашдан – ҳисобга олиш приборларини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда. Қиёслашлараро интервал 4 йилда 1 мартани ташкил қилади;

 

навбатдан ташқари қиёслашдан – ҳисобга олиш приборларининг қиёслашдан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда. Қиёслашнинг ушбу тури электр таъминоти корхонаси ташаббуси билан ўтказилганда қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилади. Ҳисобга олиш прибори (ток ва кучланишни ўлчаш трансформаторларининг ишдан чиқиши, шунингдек иккиламчи коммутация, ҳисобга олиш приборларининг шикастланиши ва уларнинг йўқолиши) маиший истеъмолчининг айби билан бузилган тақдирда ҳисобга олиш приборини алмаштириш, қиёслашдан ўтказиш, таъмирлаш, ўрнатиш харажатлари ва кўрсатилган хизматлар ҳақи маиший истеъмолчи томонидан тўланади;

 

эксперт қиёслашдан – ҳисобга олиш приборларининг созлиги ёки уларнинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда ўтказилади. Қиёслашнинг бу тури суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суднинг қарорига (ажримига) асосан ўтказилади. Бунда манфаатдор шахслар ёки уларнинг вакиллари қиёслашдан ўтказишда бевосита иштирок этиши мумкин.

 

 

Даврий қиёслаш ҳақида батафсилроқ

 

Ўрнатилишича, электр таъминоти корхонаси ўзининг маълумотлар базаси орқали ҳисобга олиш приборларининг қиёслашлараро интервал муддати ўтишини кузатиб боради ва даврий қиёслашнинг ўз вақтида ўтказилиши учун жавобгар ҳисобланади. Шундай қилиб, электр таъминоти корхонаси қиёслашлараро интервал муддати тугашидан бир ой олдин маиший истеъмолчига имзо қўйдирган ҳолда ҳисобга олиш приборини даврий қиёслашдан ўтказишнинг зарурлиги тўғрисида ёзма хабарнома тақдим этади. Хабарнома 2 нусхада тузилиб, унинг бир нусхаси нусхаси маиший истеъмолчида қолади. Хабарномага қиёслашдан ўтказиш учун тариф бўйича тўланиши лозим бўлган сумма кўрсатилган тўлов ҳужжати илова қилинади. Маиший истеъмолчи яшаш жойида бўлмаса, хабарнома у билан бирга яшайдиган вояга етган шахсларга, улар ҳам бўлмаса – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига топширилади. Хабарномани олган шахс уни дарҳол маиший истеъмолчига топшириши шарт.

 

Қиёслашдан ўтказиш учун тўлов қиёслашдан ўтказиш ишлари бошлангунга қадар амалга оширилиши лозим. Кам таъминланган маиший истеъмолчилар қиёслашдан ўтказиш суммасини 6 ой ичида тўлаши мумкин (уларнинг кам таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатга асосан). Бунгача қиёслашдан ўтказиш ишлари маиший истеъмолчи билан тузилган шартномага биноан электр таъминоти корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

Қиёслашдан ўтказиш учун тўлов амалга оширилгандан сўнг электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходими 3 иш куни ичида ҳисобга олиш приборини ечиб олади (демонтаж қилинади). У ҳисобга олиш приборини ечиб олиш ва ўрнатиш учун маиший истеъмолчига соат 8.00 дан 20.00 гача келиш ҳуқуқига эга (хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда). Ҳисобга олиш приборини ечиб олишда унинг ечиб олинганлиги ҳақида 3 нусхада далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси маиший истеъмолчида қолади. Маиший истеъмолчининг ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг қиёслашдан ўтказилганлиги тўғрисида сертификат расмийлаштирган ҳолда электр таъминоти корхонасининг алмаштириш фондидан ҳисобга олиш прибори ўрнатилади. Ҳисобга олиш приборларини алмаштириш фонди мавжуд бўлмаганда маиший истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига тўғридан-тўғри улаб қўйилади. Бунда электр энергияси учун тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда амалга оширилади.

 

Электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходими ҳисобга олиш приборини, у ечиб олингандан сўнг 3 иш куни ичида давлат метрология хизмати органига (кейинги ўринларда – метрология органи) унинг ечиб олинганлиги ҳақидаги далолатнома билан биргаликда тақдим этади. Ҳисобга олиш приборида ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ҳисобга олиш приборининг тури ва завод рақами аниқ бўлмаса ёки у шикастланган ҳолатда бўлса, метрология органи уни қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда далолатнома тузилади. Ҳисобга олиш прибори қабул қилинганда метрология органи 3 иш куни ичида уни қиёслашдан ўтказади. Ҳисобга олиш прибори ишлатишга яроқли деб топилганда ҳисобга олиш прибори қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилади ва электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходимига топширилади. Ҳисобга олиш прибори кейинчалик фойдаланишга яроқсиз деб топилган тақдирда эса бу ҳақда электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходимига хабарнома юборилади. Агар ушбу хабарномага кўра ҳисобга олиш приборини таъмирлаш мумкин бўлса, электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходими маиший истеъмолчини бу ҳақда хабардор қилади ва ҳисобга олиш приборини таъмирлаш ташкилотига топширади. Ҳисобга олиш прибори таъмирлангандан сўнг қайта қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлганда метрология органи шу куннинг ўзида ҳисобга олиш приборининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштиради. Қайта қиёслашдан ўтказиш натижаси салбий бўлганда электр таъминоти корхонаси маиший истеъмолчига Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан бирга ишлай оладиган бошқа ҳисобга олиш прибори ўрнатиб беради.

 

Ҳисобга олиш прибори ўрнатилгандан сўнг электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходими маиший истеъмолчига ҳисобга олиш приборининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг асл нусхасини беради. Бунда 2 нусхада ҳисобга олиш прибори ўрнатилганлиги ҳақида далолатнома тузилиб, унинг нусхаси маиший истеъмолчида қолади.

 

Белгиланишича, барча қиёслашдан ўтказиш ишлари ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг 15 кун ичида якунланиши лозим.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 9 декабрдаги 48-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

Валюталар курси

2024-11-28
  • USD:12848.38 (+0.00) сум
  • EUR:13512.64 (+0.00) сум
  • RUB:120.07 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48