Президентнинг 2023 йил 14 сентябрдаги «Электрон ҳукумат тадқиқоти» ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-308-сон қарори қабул қилинди.
«Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси Бирлашган миллатлар ташкилотининг «Электрон ҳукумат тадқиқоти» ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш йўналишидаги ишларни ташкил этади ва мувофиқлаштиради.
Бунда, мамлакатимизнинг «Электрон ҳукумат тадқиқоти» ҳисоботида 2030 йилга қадар Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси бўйича давлатлар рўйхатида биринчи 30 таликка киритиш Комиссиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Ҳужжат билан «Электрон ҳукумат тадқиқоти» ҳисоботининг тегишли кўрсаткичларини яхшилаш учун масъул бешта Ишчи гуруҳларининг таркиби тасдиқланди. Уларнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- энг муҳим таркибий индикаторларни, уларни шакллантириш методологиясини, шунингдек, охирги ҳисоботлардаги маълумотларни чуқур таҳлил қилиш, тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- давлат органлари ва ташкилотлари функцияларини хатловдан ўтказиш, рақамлаштириладиган жараён ва хизматларнинг муддатлари ва тоифаларини кўрсатган ҳолда аниқ рўйхатни шакллантириш, шунингдек, рақамли хизматларни содда, шу жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун қулай шаклда жорий этиш юзасидан талабларни ишлаб чиқиш;
- интернет тармоғи ва мобиль алоқа фойдаланувчилари сонини ошириш мақсадида телекоммуникация хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, оператор ва првайдерлар учун тенг шароитларни таъминлаш, телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи субъектлар учун интернет тармоғига уланиш жараёнларини соддалаштириш;
- сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотлар, буюмлар интернети ҳамба блокчейн каби илғор технологияларни жорий этиш;
- таълим билан ялпи қамров ва унинг давомийлиги муддати бўйича халқаро баҳолаш мезонларини жорий этиш ва бошқалар.
2024 йил 1 июндан бошлаб янги рақамли хизматлар ва сервислар, қоида тариқасида, биринчи навбатда ЯИДХПнинг мобиль иловасида жорий этилади.
2024 йил якунига қадар Ягона порталда кўрсатилаётган хизматлар сони 700 тага, уларнинг автоматлашганлик даражаси 65 фоизга етказилади.
Рақамли технологиялар вазирлигига шошилинч тезкор хизматлар бўйича аҳолининг чақирувларини қабул қилиш ва уларни тезкор равишда қайта ишлаш бўйича «112» ягона марказлашган диспетчерлик хизматлари фаолиятини республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этиш топширилди.
Шунингдек, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш режалаштирилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.09.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.