4.03.2019 йилдаги ЎРҚ–526-сон Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатсиз ёки ҳужжатда кўрсатилганига нисбатан катта ҳажмдаги ер участкаларидан фойдаланилганлик ва ер участкасига бўлган эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара ва мулк ҳуқуқининг рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳоллари ҳақида солиқчиларга маълум қилиши шарт. Бунга мазкур ҳоллар аниқланган кундан эътиборан 10 кунлик муддат берилади.
Эслатиб ўтамиз, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиш молиявий жазо чорасини қўллашга – жисмоний шахсларга ер солиғининг уч баравари миқдорида, юридик шахсларга эса тўрт баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Солиқ кодексининг 121-моддаси). Параллель равишда, айбдорлар ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликлари учун жавобгарликка тортилишлари мумкин (МЖТКнинг 60-моддаси; ЖКнинг 2291-моддаси).
Бундан ташқари, ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати тўғрисида ДСҚга ахборот тақдим этиш даврийлиги белгиланди: ҳар йили январь ойининг биринчи ўн кунлигида, йил давомида норматив қиймат ўзгарган тақдирда – янги норматив қиймат аниқланган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда. Ахборот ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар томонидан электрон шаклда тақдим этилади.
Ергеодезкадастр давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда ва иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 6.06.2019 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.