Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Моддий ёрдамнинг имтиёзли суммасини ҳисоблаш учун ЭКИҲМнинг қайси санадаги кўрсаткичини олиш керак Ижарага берувчи жисмоний ёки юридик шахс қандай энг кам ставкадан келиб чиқиб солиқ тўлаши лозим Кўп марта ишлатиладиган идишлар қандай ҳисобга олинади

Ерлар тоифаси қандай ўзгартирилади

15.01.2025

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2025 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ер ҳисобини юритишни мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ВМҚ-4-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан қуйидагиларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 24.11.2021 йилдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 709-сон қарорга;
  • Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низом;
  • Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби тўғрисидаги низом.

 

Ўзгартириш ва қўшимчалар билан: 

  • янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш муддатлари, масъулларнинг мажбурияти ва жавобгарлиги белгиланмоқда; 
  • кишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни ўрганишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва жавобгарлиги белгиланмоқда; 
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш тартиби соддалаштирилмоқда.

 

Хусусан,  қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни ўрганиш натижалари бўйича Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги масъуллари иштирокида далолатнома расмийлаштирилади.

 

Далолатномада:

  • ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклиф қилинган ерларнинг ер тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги;
  • алоҳида қимматга эга бўлган ва тупроқ унумдорлиги туманнинг ўртача балл бонитетидан юқори бўлган суғориладиган ерлар ҳамда ўрмон фондининг ўрмон билан қопланган ерлари;
  • ер участкасидан фойдаланиш ҳолати (фойдаланиш учун берилган ёки захирага олинганлиги);
  • ер участкасидаги мавжуд давлат кадастри объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобиль йўллари ва темир йўллар, ҳамда бошқалар);
  • ер участкасини бошқа тоифага ўтказиш ҳисобидан кутиладиган фойда, яратиладиган иш ўринлари ва бошқа самарадорлик кўрсаткичлари бўйича техник-иқтисодий асослар;
  • тупроқ унумдорлигининг пасайиши, ирригация ва мелиорация тизимининг бузилиши билан боғлиқ зарарлар;
  • қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги миқдори;
  • ер участкаси мулкдорлари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига етказиладиган зарарлар;
  • ер участкасида агротехник тадбирлар учун сарфланган харажатлар тўғрисида маълумотлар киритилади.

 

Шунингдек, янги ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш схемаси тасдиқланмоқда. Унга кўра: 

  • туман хокимликлари янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш учун маълумотларни шакллантиради ва маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига киритади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 3 иш куни ичида янгидан ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича хулоса олиш учун маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборади;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 15 иш куни ичида янгидан ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича жойида ўрганиш ўтказиб, хулоса тақдим этади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари 3 иш куни ичида вазирликнинг ижобий хулосасига асосан янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш ҳақида «E-qaror» электрон тизими орқали қарор қабул қилади ва қарорни «Yer hisobot» тизимига киритади;
  • Давлат кадастрлари палатасининг туман ва шаҳар филиаллари ерлар тоифасининг тегишли турига ўзгартириш юзасидан маълумотларни ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботга киритади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 11.01.2025 йилдан кучга кирди.

 

Собир Нурбердиев