Вазирлар Маҳкамасининг 03.03.2025 йилдаги «Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 136-сон қарори қабул қилинди.
Янги тартибга кўра, ер участкасига ижара ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтказиладиган электрон онлайн-аукцион савдоларидаги бошланғич нарх қуйидаги формула асосида хисобланади:
C = S х T x B x G x F x M + E, бунда:
С – бошланғич нарх;
S – ер участкасининг майдони, кв м;
Т– ҳудуднинг тоифа коэффициенти (1-тоифага кирувчи туман ва шаҳарларда 25, 2-тоифага 20, 3-тоифага 15, 4-тоифага - 10 ва 5-тоифага 5 кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади);
В –1 кв. метр ер учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаси, сўм
G – ер участкаси жойлашган ҳудудда (даҳа, массив, маҳалла, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари) мавжуд ҳамда келгусида марказлашган манбалар ҳисобидан барпо этилиши режалаштирилган муҳандислик-коммуникация тармокларига уланиш нуқталарини барпо этиш кийматига мувофиқлаштирувчи оширувчи коэффициент;
F – ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий туридан келиб чиққан ҳолда, оширувчи ва камайтирувчи коэффициент;
М – ер участкасининг майдони бўйича камайтирувчи коэффициент;
Е – ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишлари ва ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид харажатлар, сўм.
Бунда G ва F коэффициентлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинмаган бўлса, тегишли қарор қабул қилингунга қадар 1,0 коэффициент қўлланилади.
1 кв метр учун ер солиғи ставкаси автоматик тарзда «Үerelektron» ААТда шаклланади.
Шунингдек, ер участкасидан фойдаланиш мақсадларига қараб оширувчи ва пасайтирувчи коэффициентлар белгиланди:
• кўп қаватли уйлар қурилиши – 1,4;
• бизнес бошқаруви, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш – 1,4;
• хизматлар кўрсатиш – 1,1;
• меҳмонхона хизматлари кўрсатиш – 1,2;
• ишлаб чиқариш фаолияти – 0,9;
• фармацевтика саноати – 0,8;
• озиқ-овқат саноати – 0,8;
• муҳандислик-коммуникация объектлари – 0,7;
• транспорт – 1,2;
• ижтимоий ва жамоавий фойдаланиш – 0,6;
• табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация – 1,1.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.03.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев