Президент 09.01.2024 йилда ПФ-8-сон «Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб:
- фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади;
- лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи ўн беш кун ичида, ўттиз кун ичида тўланганда, 30 фоиз миқдорида чегирма берилади;
- лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;
- тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.
Қуйидаги тартиб ва талаблар бекор қилинади:
- туроператорлар учун фавқулодда ҳолатлар юзага келганда хавфни мажбурий суғурта қилиш тартибини жорий қилиш орқали «чиқиш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
- туристик хизматларни сертификатлаштиришда жойлаштириш воситалари, тоғ чанғиси трассалари ва пляж хизматларини сертификатлаштириш учун аризага кўчмас мулкка доир ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни илова қилиш;
- кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти фақат сайёр шаклда амалга оширилганда мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши.
2024 йил 1 мартдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида рентген ускунасидан фойдаланиш ва ветеринария лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш фаолиятларини бошлаш учун уч ойгача ўтиш ва мослашиш даврини белгилайдиган «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилмоқда.
Махсус режим доирасида уч ойгача белгиланган фаолиятни лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олмасдан ваколатли органни «Лицензия» ахборот тизими орқали бепул хабардор қилган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.01.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев