Президентнинг 30.11.2017 йилдаги ПФ-5268-сон “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Қандай далиллар мақбул эмас деб эътироф этилади
Фармон далилларнинг мақбуллигига нисбатан айрим шартларга аниқлик киритди.
Маълумот учун: Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддаси учинчи қисмига биноан далиллар белгиланган тартибда тўпланган ва ЖПКнинг 88, 90, 92-94-моддаларида баён этилган қатор шартларга мувофиқ бўлсагина, улар мақбул деб эътироф этилади. Агар ҳақиқий маълумотлар ушбу талабга жавоб бермаса, улар мақбул эмас деб эътироф этилади. Яъни қонунчилик нормаларини бузганлик ҳамда уларни олишда ғайриқонуний услублар қўлланилганлиги учун ишонч қозонмайди ва юридик кучга эга бўлмайди (ўз-ўзидан ҳақиқий эмас).
Далилларнинг мақбул эмаслиги ҳолатлари рўйхатини чегараламаган ҳолда, ҳужжат уларнинг айримларига алоҳида эътибор қаратади.
Инчунин, давлат раҳбари дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувлари асосида хулоса қилиш ва юридик аҳамиятга эга қарорлар қабул қилишни тақиқлади. Яъни ҳар бир ҳолат юзасидан ишга тааллуқли, рад этиб бўлмайдиган даражада ҳақиқатни ўрнатадиган ҳаққоний далиллар тўпланиши даркор. Бошқа далилларсиз кўрсатувларнинг ўзи эса – ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Бу – далиллар назарияси ва жиноят-процессуал қонунчиликда янгилик. Илгари бошқа ҳақиқий маълумотлар билан тасдиқланмаган далиллар ишончсиз сифатида қабул қилинмаслиги мумкин эди, бироқ бевосита ғайриқонуний сифатида қаралмас эди.
Эътиборли жиҳати шундаки, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд далилларнинг номақбуллиги ҳақидаги масалани ҳал қилишда далилнинг номақбул деб топилишига асос бўлган қонунбузилиши нимада ўз аксини топганлигини аниқлашга ва асослантирилган қарор (ажрим) қабул қилишга мажбур. Бу тергов ва судга ўз далилларини тақдим этган ҳимоячининг ишини осонлаштиради.
Далилларнинг ҳаққонийлиги техника ва жиноий жавобгарлик билан таъминланади
Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш (ўта оғир жиноятлар бўйича), тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва тергов эксперименти каби тергов ва суд ҳаракатлари мажбурий видео қайд этиш билан амалга оширилиши мустаҳкамланди. Суд муҳокамаси жараёнида стенография юритилади, унинг материаллари жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади. Бу чоралар терговнинг бориши ва суд жараёнини аниқ қайд этиш имконини беради.
Жиноят кодексига эса ҳужжатлар ва ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган ҳолатларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатувлар беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун алоҳида модда киритилади. Ушбу ҳаракатлар шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган тақдирда жазолашади.
Бундан ташқари, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчилар учун янги кафолатлар
Шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:
- сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ушланган шахс тегишли ваколатли органга етказилган вақтдан бошлаб 72 соат ичида мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрим устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга;
- далилларни йиғиш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт;
- ҳимоячи жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши, шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов ўтказиш ва жиноят ишини судда кўриб чиқиш вақтида мажбурий текширилиши ва баҳоланиши шарт;
- суд муҳокамаси жараёнида стенография юритилади, унинг материаллари жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади;
- прокурор томонидан:
- озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки маъмурий қамоққа олинган шахслардан жиноятлар тўғрисидаги олинган ариза, хабар ва бошқа маълумотларни зудлик билан қайд этиш ва ҳал қилиш тўғрисидаги жиноят-процессуал қонунчилик талабларига риоя этилиши;
- мазкур шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига психологик ёхуд жисмоний таъсир кўрсатилган бўлиши мумкинлиги, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилиши юзасидан чалғитилганлиги;
- ноқонуний жавобгарликка тортиш ҳолатлари бўйича юқори турувчи прокурорни хабардор қилган ҳолда, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ тартибини бузганлик учун маҳкумларга интизомий жазо чораси қўлланилишининг қонунийлиги юзасидан мажбурий тарзда текширишлар ўтказилади.
Бу – муҳим! ИИВ ва Молия вазирлигига 3 ой муддатда тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш топширилди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.