Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2903, 2017 йил 27 июль) билан «Ўзагросервис» акциядорлик жамияти корхоналари томонидан кўрсатилган механизация хизматлари ҳақини тўлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат «Ўзагросервис» АЖ корхоналари томонидан давлат хариди учун пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига кўрсатилган механизация хизматлари ҳақини тўлаш тартибини белгилайди.
Таъкидлаш жоизки, механизация хизматлари деганда «Ўзагросервис» АЖ корхоналари томонидан фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги техникалари орқали кўрсатиладиган хизматлар (ер ҳайдаш, экин экиш, ишлов бериш, минерал ўғит солиш, ҳосилни йиғиш, ташиш ва бошқалар) тушунилади.
Ҳужжат механизация хизматлари ҳақини тўлаш қуйидаги 4 та манба ҳисобидан амалга оширилишини белгилаб берди:
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат харидини мақсадли молиялаштириш учун Жамғармадан ажратиладиган маблағлар ҳисобига (шу жумладан, «Агробанк” АЖнинг имтиёзли кредитлари);
- фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобига;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 апрелдаги 106-сон қарорига мувофиқ ажратилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобига;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Механизация хизматлари ҳақини тўлаш учун кредит ресурсларини йўналтириш
Ўзагросервис» АЖ корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасида механизация хизматларини кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларни умумлаштириш асосида кредит ресурслари ажратилади. Шартнома қуйидаги шартларни ўз ичига олиши керак:
- хизматлар қийматининг 50%и миқдорида мажбурий олдиндан ҳақ тўлаш;
- механизация хизмати кўрсатилганидан кейин 60 кун мобайнида якуний ҳисоб-китоб қилиш.
Бунда «Ўзагросервис» АЖ корхоналари ҳар ойнинг 3-санасигача хизматлар ҳақини тўлаш учун талаб этиладиган сумма тўғрисидаги маълумотларни ҳар бир фермер хўжалиги кесимида «Агробанк» АЖ филиалларига тақдим этади. Ушбу маълумот асосида кредитлаш нормативларига риоя қилган ҳолда ажратиш учун зарур кредит воситалари ҳажми белгиланади.
Фермер хўжаликларига ажратилган кредит воситалари банклар томонидан тўлов ҳужжатлари асосида «Ўзагросервис» АЖ корхоналарининг махсус маблағлар ҳисобварағига 23210 (23220) ўтказиб берилади.
Ғалла ва пахта ҳосилига якуний ҳисоб-китоб учун ажратилган маблағларни механизация хизматлари ҳақини тўлашга йўналтириш
Ғалла ва пахта ҳосилига якуний ҳисоб-китоб учун ажратилган маблағлар ҳисобидан механизация хизматлари ҳақини тўлаш ҳосил топшириб бўлинганидан кейин амалга оширилади. Жамғарма маблағлари фермерларга тегишли равишда «Ўздонмаҳсулот» АЖнинг 22602-сонли аккредитив ҳисобварақлари, «Ўзпахтасаноат» АЖнинг 23210 (23220) — махсус маблағлар ҳисобварағи орқали тушади.
Фермер хўжаликларининг ҳосил учун 23210 (23220) — махсус маблағлар ҳисобварағига келиб тушган пулларнинг бир қисми Ўзагросервис» АЖ корхоналарининг тўлов талабномалари асосида тижорат банки томонидан кўрсатилган механизация хизматлари ҳақини тўлашга йўналтирилади.
Бунда «Ўзагросервис» АЖ корхоналари механизация хизмати кўрсатиш чоғида ҳар бир фермер хўжалигига хизмат кўрсатишдан олдин, шартномага асосан бажариладиган иш ҳажмини, дебиторлик ва кредиторлик қарзини баҳолаб, бу ҳақда далолатнома тузади. Далолатнома тузмасдан (хизмат ҳақи олдиндан 100 фоиз тўланган ҳолатлар бундан мустасно) хизмат кўрсатиш тақиқланади. Далолатнома иш куни якунида 3 нусхада тузилади. Биринчи нусхаси механизация хизматини кўрсатган «Ўзагросервис» АЖ корхонасига фермер хўжалигига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига тўлов талабномаси қўйиш учун берилади («Ўзагросервис» АЖ корхоналари 2 кун ичида тижорат банкларига тўлов талабномаларини топширади). Иккинчи нусхаси фермер хўжалигида қолади, учинчи нусхаси эса «Ўзагросервис» АЖ корхонасида сақланади.
Пахта ҳосили йиғимида эса «Ўзагросервис» АЖ корхоналари «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан тақдим этилган пахта ҳосили учун пул оладиган фермер хўжаликлари тўғрисидаги маълумотни ўрганиб, фермер хўжалиги олиши лозим бўлган маблағлар ҳажмини, механизация бўйича бажарилган ишлар, мазкур хизматлар бўйича мавжуд кредиторлик қарзини, шунингдек тўловга тақдим этилган тўлов талабномалари билан солиштиради. Ушбу маълумот «Ўзпахтасаноат» АЖнинг ҳудудий бошқармалари ва тижорат банкига тақдим этилади.
Маълумотлар «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан тасдиқланганидан кейин тижорат банкининг ҳудудий бошқармалари шу куннинг ўзида механизация хизматлари ҳақини тўлаш учун ажратиладиган маблағларга буюртма тайёрлайди ва ушбу суммалар «Ўзагросервис» АЖ корхоналарига йўналтирилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Моҳина Мирзаева.