ФҲДЁ органларининг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тизимида фаолият юритиш тартиби белгиланди (26.08.2020 йилдаги 514-сон ВМҚга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тизимидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилган. Идорага ишни тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, ФҲДЁнинг ягона электрон архивини юритиш ва ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялар юклатилган.
Шу муносабат билан:
а) Адлия вазирлиги 2021 йил 1 январга қадар туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимларининг ходимларини аттестациядан ўтказади;
б) ФҲДЁ архивларида архивариус лавозими тугатилади ҳамда 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимлари жорий этилади;
в) ФҲДЁ органлари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари бўлимлари ходимларига тенглаштирилади, шу жумладан:
- ФҲДЁ органи мудири – бўлим бошлиғига;
- 1-тоифали инспектор – бош маслаҳатчига;
- 2-тоифали инспектор – етакчи маслаҳатчига;
г) ФҲДЁ ходимларининг ҳокимликлар тизимидаги ишлаган даври кўп йил ишлаганлиги ҳамда қуйидаги тарзда бериладиган мартаба даражалари олиш учун устамалар тўлашга зарур бўлган иш стажига қўшилади:
- ФҲДЁ бўлими ва никоҳ уйи мудири – 3-даражали адлия маслаҳатчиси;
- идоравий ФҲДЁ архиви мудири – 1-даражали юрист;
- ФҲДЁ органларининг 1-тоифали инспектори – 2-даражали юрист;
- ФҲДЁ органларининг 2-тоифали инспектори – 3-даражали юрист.
Бир ой мудатда:
- туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари томонидан фойдаланилаётган бино ва иншоотларнинг бир қисми, уларга тегишли жиҳозлар, инвентарлар, ҳужжатлар ва бошқа мол-мулклар Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларига берилади;
- Адлия вазирлиги ФҲДЁ органларини малакали кадрлар билан таъминлаш чораларини кўради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.08.2020 йилдан кучга кирган.
Олег Заманов.