Адлия вазирининг буйруғи (13.12.2018 йилда 3098-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан 2019 йил 1 январдан эътиборан тўлдиришнинг янги қоидалари кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 26.09.2018 йилдаги 768-сон қарорига мувофиқ, 1.01.2019 йилдан бошлаб туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар бланкаларини қўлда тўлдириш бўйича талаблар бекор қилинади ва уларни АКТдан фойдаланган ҳолда фақат босма ҳарфлар билан тўлдириш тартиби жорий этилади (шарҳга қаранг).
Бунда гербли гувоҳномаларни улар тўлиқ ишлатиб бўлингунгача амалдаги бланкларда расмийлаштириш ва беришга рухсат этилган.
Ҳужжат билан туғилганлик, ўлим (шу жумладан ўлим содир бўлган кун ҳақида аниқ маълумот бўлмаганда), никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаларни тўлдириш, шунингдек такрорий гувоҳнома (дубликат) бериш тартиби белгиланган.
Гувоҳномалар техник воситалар (компьютер) ёрдамида тўлдирилганда 14 ўлчамли «Times New Roman» шрифтидан фойдаланилиши кераклиги ҳам белгиланган.
Гувоҳлик берилаётган ҳодисаларнинг саналари рақамлар билан ёзилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова.