Президентнинг 19.02.2018 йилдаги ПҚ–3541-сон қарори билан Президентнинг «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (23.02.2017 йилдаги ПҚ-2796-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Кўпчилик мулкдорлар аввал хусусийлаштирилган, қурилиши тугалланмаган объектлар ва ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланмайдилар. Бундай объектларни аниқлаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда, банк кредитларини олишда мулкдорларга кўмаклашиш мақсадида Идоралараро комиссиялар ташкил этилган эди.
Қарорда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан мулкдорларнинг оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар назарда тутилган.
Чунончи, 1.05.2018 йилдан бошлаб Идоралараро комиссия нафақат инвестиция лойиҳасининг мақоми тўғрисида, балки мулкдорнинг инвестиция лойиҳасини тақдим этганлиги, унинг амалга оширилганлиги ёки амалга оширмаганлиги тўғрисида хулосаларни бера бошлайди.
Инвестиция лойиҳаси тақдим этилмаганлиги ва амалга оширилмаганлиги тўғрисида Идоралараро комиссия томонидан хулоса чиқарилгандан сўнг кейинги ойдан бошлаб:
1. Юридик шахслар – қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг соддалаштирилган солиқ солиш тартибини кўллаётган мулкдорлари умумбелгиланган тартибда солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтадилар.
Ушбу чора 23.02.2017 йилдаги ПҚ–2796-сон қарор билан назарда тутилган ва ўзгартирилмай қолдирилди, яъни келгусида ҳам қўлланади.
2. Юридик ва жисмоний шахслар – мулкдорлар хулоса чиқарилган пайтдан бошлаб мол-мулк солиғи ва ер солиғини қуйидагича тўлайдилар:
- 6 ойгача – икки баравар миқдорда;
- 6 ой ўтгандан кейин – беш баравар миқдорда;
- 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўн баравар миқдорда.
Ҳозирги пайтда хулоса чиқарилгандан сўнг кейинги ойдан бошлаб мол-мулк солиғи ва ер солиғи икки баравар ставкада тўланади. Бунда навбатдаги ҳисобот йилидан бошлаб ушбу солиқлар икки баравар миқдорда оширилади ва ҳар бир кейинги ҳисобот йилида икки баравар миқдорда, бироқ олти баравардан кўп бўлмаган ошириб борилувчи коэффициент қўлланилади.
3. Қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари мулкдорларига нисбатан солиқлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар қўлланилмайди.
Ушбу чора янги бўлиб, айни пайтда қўлланилмаяпти.
Бунда оширилган ставкали солиқлар фақат товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришга жалб этилмаган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкаларига нисбатан қўлланилади.
Оширилган ставкали ва ошириб бориладиган коэффициентли солиқларни тўлашга доир талаблар қўлланилмайди, агар:
1. Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг жами майдони камида 1 минг кв. метрни ташкил этса (ҳозир – 2 минг кв. м.);
2. Инвестиция лойиҳаси давлат органларининг айби билан амалга оширилмаган бўлса;
3. Объект сотувга қўйилган бўлса – у сотувга қўйилган санадан бошлаб 3 ой давомида;
4. Объект сотиб олинган санадан бошлаб 3 ой ўтмаган бўлса (ҳозир – 12 ой).
Идоралараро комиссия (инвестиция лойиҳаси тақдим этилган ва амалга оширила бошлаган объектлар бўйича) хулосаси олинганда оширилган ставкали солиқларни тўлашга доир талаблар хулоса чиқарилган санадан сўнг кейинги чоракдан бошлаб қўлланилмайди.
23.02.2017 йилдаги ПҚ–2796-сон қарорни амалга ошириш учун Солиқ кодексига қуйидаги ўзгартиришларни киритиш мақсадга мувофиқдир:
- бугунги кунда Солиқ кодекси билан танлаш ҳуқуқисиз солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган савдо ва умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш бўйича;
- ягона ер солиғини тўловчи корхоналар фаолиятини тартибга солиш бўйича;
- мулкдор Идоралараро комиссиянинг инвестиция лойиҳаси амалга оширилганлиги тўғрисидаги хулосасини олганда солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига қайтиш механизмини баён этиш бўйича.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.05.2018 йилдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Татьяна Белоусова.