Президентнинг 30.04.2021 йилдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5100-сон қарори қабул қилинди.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар халқаро аэропортларнинг ижро этувчи органи ваколатлари, истисно тариқасида, шартнома асосида «Uzbekistan Airports» АЖга берилади. Бошқарувчи сифатида унга қуйидаги асосий вазифалар юклатилди:
- аэропортларни ривожлантириш ягона стратегияси ва корпоратив сиёсатни амалга ошириш, аэропортлар фаолиятига методологик раҳбарлик қилиш;
- молиявий оқимларни жамлаш, пул маблағларидан самарали фойдаланиш, таннархни пасайтириш ва соф фойдани тасарруф этиш ҳамда харидларни марказлаштирилган ҳолда амалга ошириш;
- халқаро аэропортларнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш тартибини (ваколатлар чегараларини) «Uzbekistan Airports» АЖ томонидан белгилаш.
«Uzbekistan Airports» АЖ ва унинг таркибидаги халқаро аэропортлар учун 2021 йил 1 майдан 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50%гача камайтирилади.
Шунингдек, «Uzbekistan Airports» АЖга тўлов муддатини кечиктириш ва сўндириш графигини қайта кўриб чиқиш ҳисобига кредитлар ва ссудалар бўйича қўллаб-қувватлаш тақдим этилди. Жумладан, ажратилган 40 млн АҚШ доллари миқдоридаги фоизсиз бюджет ссудаси маблағларининг “Ўзмиллийбанк”ка қайтарилиши муддати 2024 йил 10 февралга қадар узайтирилади, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига «Uzbekistan Airways» АЖнинг мос равишда 895 млрд сўм ва 77,73 млн АҚШ долларига тенг бўлган кредитларни қоплаш графикларини, 2021-2023 йил учун қарздорлик (асосий қарз ва фоиз) тўловларини тўхтатган ҳолда, қайта кўриб чиқиш топширилди.
Аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида биноларига ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда кириб-чиқишларига рухсат берилди. Вокзалларнинг асосий текширув пунктлари кириш жойларидаги бирламчи назорат-текширув постлари билан бирлаштирилади.
Шунингдек, барча турдаги йўловчи автотранспорт воситаларига аэропортларнинг эстакадасидан фойдаланишга рухсат берилади.
Вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудларда умумий овқатланиш жойларини ташкил этиш, чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этишга рухсат бериш тартиби соддалаштирилади.
Сергели тумани, Учувчилар шаҳарчасида жойлашган «Uzbekistan Airways Technics» МЧЖнинг майдони 39 га бўлган ҳудудида эркин божхона зонаси ташкил этилади, унда:
- халқаро ҳуқуқий ва техник меъёрларга мувофиқ барча хорижий ҳаво кемалари ва уларнинг алоҳида агрегатларини таъмирлаш учун зарур бўлган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин алмаштирилади;
- маҳаллий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларини ҳамда уларнинг қисм ва агрегатларини таъмирлашга зарур бўлган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин божхона зонаси чегарасидан чиқмаган ҳолда харид қилиниб, "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштирилган ҳолда фойдаланилади;
- ушбу божхона зонасига четдан келтириладиган авиатехника эҳтиёт қисмлари "эркин божхона зонаси" божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда истисно тариқасида, сертификатлар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб этилмайди;
- таъмирлаш мақсадида эркин божхона зонасига олиб кириладиган ҳаво кемаларининг (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатлари) кириб-чиқишида божхона назорати уларни тегишли божхона режимларига расмийлаштирмаган ҳолда амалга оширилади.
«Uzbekistan Airports» АЖ ва унинг таркибига кирувчи аэропортларга:
- ўз эҳтиёжлари учун махсус технологик ускуналар, махсус транспорт ва ахборот-коммуникация маҳсулотларини етказиб бериш ҳақидаги импорт контрактларини "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри тузишга;
- фуқаро авиацияси объектларида иш тажрибасига эга бўлган маҳаллий ва хорижий лойиҳа ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди.
«Uzbekistan Airports» АЖ таркибидаги халқаро аэропортлар ва "Ўзаэронавигация маркази" ДУК томонидан чет эл авиакомпанияларига хизмат кўрсатиш (экспорт) билан боғлиқ операцияларни, нархларни хорижий валютада белгилаган ҳолда, шунингдек, ташқи савдо шартномалар тузмасдан ва улар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан амалга оширилишига рухсат берилади.
Франция Фуқаро авиацияси миллий мактаби (ENAC) билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби очилади. Мактабда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Битирувчиларга ENACнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва у Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.
«Uzbekistan Airports» АЖга ДСҚнинг Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 79-уйда жойлашган бино ва иншоотлари текин фойдаланиши учун берилади.
Шунингдек, 2021-2022 йилларда «Uzbekistan Airways» АЖ ва «Uzbekistan Airports» АЖда трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича "йўл хариталари" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.