2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон Президент Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги 940-сон қарори билан Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан қуйидаги йўналишлар бўйича доимий ҳамкорлик ўрнатади:
- ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
- ҳудудларни ободонлаштириш, маҳалла ва ХУМШ фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича тадбирларни ўтказиш;
- оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва унинг натижаларига кўра аниқланган муаммоларни ҳал килиш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
- соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш;
- тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
- томорқа ерлардан мақсадли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш чораларини кўриш;
- ҳудудларда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ишларни ташкил этиш.
Ҳужжат 2017 йил 25 ноябрда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Сардор ЖУМАШОВ,
эксперт-юристимиз.