Вазирлар Маҳкамасининг 5.01.2018 йилдаги 7-сон қарори билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низомнинг янги таҳрири тасдиқланди.
Илгари амалда бўлган низом (31.07.2017 йилдаги 562-сон ВМҚ билан тасдиқланган) ўз кучини йўқотди.
Умуман олганда янги ҳужжат аввалгисидан катта фарқ қилмайди. Киритилган янгиликларни таъкидлаб ўтамиз.
Оммавий ва интерактив қабуллар
Фуқаролар йиғинининг раиси жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари учун оммавий қабулларни ташкил этиши мумкин. Бундай қабуллар чоғида учрашув иштирокчилари мурожаатномалар беришлари мумкин. Оммавий қабулни ҳовлиларга (квартираларга) ёки бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.
Бундан ташқари, амалиётга узоқда жойлашган абонентлар билан видеоконференцалоқа воситасида реал вақт режимида интерактив ўзаро алоқа тури жорий этилмоқда (масалан, узоқда жойлашган маҳалла аҳолиси билан). Бундай тартиб оғзаки мурожаатлар бериш имконини ҳам беради.
Электрон мурожаатлар учун ЭРИ зарур эмас
Илгари электрон мурожаат албатта ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланар эди. Энди ушбу талаб бекор қилинди. Мурожаат қилувчини идентификациялаш учун мурожаатнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
- жисмоний шахс ҳақида – ФИО ва яшаш манзили;
- юридик шахс ҳақида – тўлиқ номи ва жойлашган жойи (почта манзили).
Жавобнинг маъносини тушунмадингизни – тушунтиришни талаб этинг
Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (ФЎЎБО) жавобнинг маъносини ўзгартирмаган ҳолда унга тушунтириш бериши шарт. Шунингдек, ФЎЎБОнинг жавобда йўл қўйилган хатоларни (шу жумладан арифметик хатоларни) ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра тузатиш мажбурияти жорий этилмоқда. Тушунтиришлар бериш ва хатоларни тўғрилаш тўғрисидаги илтимослар 10 кун муддатда қўриб чиқилади.
Мурожаатномаларни кўриб чиқиш қачон тугатилади
Бу қуйидаги ҳолатларда рўй беради:
- агар такрорий мурожаатда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;
- агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини ёзма ёки электрон тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида оғзаки равишда, шу жумладан телефон орқали илтимос қилган бўлса;
- мурожаатда кўрсатилган реквизитлар ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда;
- мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли ФЎЎБО томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;
- агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этгандан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.
ФЎЎБОга ҳар қандай масала бўйича мурожаат қилиш мумкин
ФЎЎБО мурожаатларни қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас, ҳатто улар уларнинг ваколатига кирмаса ҳам. Ушбу ҳолатда мурожаат қилувчига у ўз масаласини ҳал этиш учун қандай органга ёки ташкилотга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилади.
Фақат айни масалалар бўйича қайта мурожаат этилган, мурожаатлар ФЎЎБО томонидан кўриб чиқилиб, улар бўйича қарор қабул қилинган ҳамда мурожаат қилувчи белгиланган тартибда бу ҳақда хабардор қилинган ҳолатларда қабул қилишни рад этиш мумкин.
Фуқароларни қабул қилишда аудио- ва видеоёзувга рухсат берилди
ФЎЎБОда шахсий қабул аудио- ва видеоёзув, шунингдек ва фотосуратга олиш ёрдамида қайд этилиши мумкин. Бунинг учун фуқаролар йиғини раисининг қарорини олиш ва бу ҳақда қабул қилинаётган шахсни хабардор этиш зарур.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 9.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.