Президентнинг 1.06.2017 йилдаги «Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ЎзАда жойлаштирилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигини (ФВВ) фавқулодда вазиятлар таҳдиди ва хавфини олдиндан бартараф этадиган, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва комплекс ёрдам кўрсатишга қаратилган фаолият олиб борадиган мобиль, замонавий профессионал хизматга айлантириш бу соҳадаги энг муҳим йўналишлардан бири деб белгиланди.
Шу муносабат билан ФВВда қатор ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, қуйидагилар вазирлик тизимига берилмоқда:
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорологик хизмат маркази таркибий тузилмалари билан биргаликда;
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси;
- Фанлар академияси Ғ.А.Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи. Уларнинг негизида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ташкил этилди.
Илгари ФВВга берилган Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси негизида ФВВ Марказий аппарати таркибида Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси ташкил этилди.
Бундан ташқари, ФВВ ташаббуси билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилмоқда. Ҳужжат билан уларнинг таркиби ва асосий вазифалари тасдиқланди.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Унда қуйидаги устувор йўналишлар назарда тутилган:
- ФВВнинг ташкилий-штатлар тузилмасини такомиллаштириш;
- фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш;
- ФВВ кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш механизмларини такомиллаштириш;
- ФВВ фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фан ва техника ютуқларини татбиқ этиш;
- қутқарув тузилмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш ҳамда ФВВ ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини такомиллаштириш.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.