Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2021 йилдаги «Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида»ги 86-сон қарори қабул қилинди.
Спортнинг олимпия ва миллий турларини янада ривожлантириш ҳамда мамлакат миллий терма жамоаларининг ишончли захираларини шакллантириш мақсадида:
- Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти ва унга ўқувчиларни қабул қилиш 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади;
- бино ва иншоотларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш 2021 йилда Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетининг даромадлар режасининг режадан орттириб бажарилган қисми ҳамда қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилади;
- 2021 йилда сақлаш харажатлари Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йил учун тасдиқланган параметрларида назарда тутилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисми ҳисобидан амалга оширилади, 2022 йилдан бошлаб – вилоят бюджетининг харажатлар қисмига киритилади.
Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- олимпия ва миллий спорт турлари бўйича янги илмий-методик тавсиялар ва ютуқлар асосида спорт захираларини, терма жамоаларга юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш;
- зарур ҳолларда, олимпия спорт турлари бўйича хорижий тренерлар ва мутахассисларни таклиф қилиш;
- ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва техник-тактик кўникмаларини такомиллаштириш, профессионал маҳоратини ривожлантириш;
- ўқувчи-спортчилар ва тренерлар таркибининг профессионал маҳоратини ошириш учун хорижий спорт мактаблари ва клублари билан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига 3 ой муддатда мактаб-интернатни замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали педагог кадрлар ҳамда тренерлар билан таъминлаш, шунингдек мактаб-интернатнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини 2022 йил Инвестиция дастури доирасида амалга ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.02.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.