Хизматчиларнинг асосий лавозимлари классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (29.07.2020 йилда 3279-сон билан рўйхатдан ўтказилган ҳужжатга қаранг).
Биринчидан, рўйхатга кадрлар бўлими инспектори, криминалист, медиатор (медиация бўйича мутахассис), полиграфолог, суд эксперти ва тьютор[1] лавозимлари киритилди.
Иккинчидан, айрим лавозимларга маълумотнинг энг паст даражаси бўйича қўйиладиган талабларга тузатишлар киритилди. Натижада ўрта махсус касбий маълумотга эга бўлганлар қуйидаги лавозимларда ишлаши мумкин:
- андеррайтер[2];
- улгуржи савдо корхонаси директори (мудири);
- ўқув курси комбинати (пункти) директори;
- инвестиция воситачиси (маркет-мейкер);
- бош давлат ижрочиси.
Учинчидан, уларнинг битирувчилари кадрлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи бўлиб ишлашлари мумкин бўлган таълим йўналишлари кенгайтирилди. Энди олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар ушбу лавозимда фаолият юритишлари мумкин (илгари – фақат «Кадрлар менежменти» таълим йўналиши учун эди, таҳр. изоҳи).
Эслатиб ўтамиз, ХАЛИКК–2017:
а) хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан – ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда мажбурий ҳисобланади;
б) ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан:
- давлат корхоналари, муассасалари ва устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади;
- бошқа ташкилотлар учун – тавсия тусига эга;
в) таълим йўналишлари – барча ташкилотлар учун тавсия тусига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.07.2020 йилдан кучга кирди.
[1] Тьютор – масофавий шаклда ўрта махсус, касбий таълим тизимида раҳбар ва педагог ходимларни қайта тайёрлаш доирасида фаолият юритувчи ўқитувчи-консультант (Ўрта махсус, касбий таълим тизимида раҳбар ва педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тўғрисидаги низомга қаранг).
[2] Андеррайтер – шартнома шартлари асосида эмитент қимматли қоғозларини чиқарилишини ташкиллаштириш ва /ёки кафолатли жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатувчи инвестиция воситачиси ёки тижорат банки (Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомга қаранг).