Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ўзбекистонда юридик шахслар коммунал хизматлар учун қанча тўлайди: амалдаги тарифлар Ит ва мушуклар учун озуқани қайси бирликларида ўлчаш керак Чет эл валютасида тушум келиб тушмаганда нима қилиш керак

Халқ банкида чақирилувчилар учун омонат ҳисобварақлари очилади

15.03.2016

Мудофаа вазирлиги ва Марказий банк Бошқарувининг қўшма қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 11 мартда 2767-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги муддатли ҳарбий хизматчилари пул таъминотининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкида очилган омонат ҳисобварақларига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Белгиланишича, чақирилувчи ҳарбий қисмга жўнаб кетишидан 2 кун олдин чақирув жойидаги тегишли мудофаа ишлари бўлимида чақирилувчи ва Халқ банки филиали ўртасида банк омонати шартномаси тузилади. Омонат ҳисобварағини очиш учун (12 ойга) чақирилувчи ариза ва паспорт тақдим этади. Омонат ҳисобварағини очишда чақирилувчи дастлабки маблағни киритмайди ва банк воситачилик ҳақи ундирмайди.

 

Омонат ҳисобварағи бўйича фоиз ставкасининг миқдори Халқ банки томонидан «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ўрнатилади. Ҳар йилнинг 10 январига қадар, шунингдек омонат фоиз ставкасининг ҳар бир ўзгаришида Халқ банки бу ҳақда ёзма равишда Мудофаа вазирлигини хабардор қилади.

 

Ҳужжатга кўра, чақирилувчи муддатли ҳарбий хизмат давомида банк омонати шартномаси ва омонат дафтарчасини, шунингдек уларнинг нусхаларини ўзида сақлаши керак.

 

Ҳарбий хизматчи резервга бўшатилгунга қадар (муддатли ҳарбий хизмат муддати тугагунча) омонат ҳисобварағини ёпиши мумкин эмас. Ҳарбий хизматчи резервга бўшатилгандан сўнг унинг аризаси асосида омонат ҳисобварағидаги пул маблағлари ва улар бўйича фоизлар омонат эгаси номига Халқ банкида очилган пластик картага ўтказилади. Бунда пластик карталарни очиш учун ҳақ ундирилмайди.

 

Омонат суммасини бошқа шахсларнинг пластик карталарига, шунингдек омонат эгасининг бошқа банкларда очилган пластик карталарига ўтказиш тақиқланади. Ҳарбий хизматчига унинг яқин қариндошининг соғлиги оғир аҳволда эканлиги ёки вафот этганлиги муносабати билан таътил берилган ҳолларда ҳарбий хизматчи омонат ҳисобварағидаги маблағларни (уларнинг бир қисмини) муддатидан олдин пластик картага тушириб олиши мумкин.

 

Ҳарбий хизматчи ҳарбий қисмга етиб келгач, ҳарбий қисм қўмондонлиги номига давлат пул таъминотининг бир қисмини унинг омонат ҳисобварағига ўтказиш ва қолган қисмини нақд пулда тўланиши тўғрисида билдирги тақдим этади. Билдиргига банк омонати шартномаси ва омонат дафтарчасининг нусхалари илова қилинади. Давлат пул таъминотининг омонат ҳисобварағига ўтказиладиган фоиздаги миқдори мудофаа вазирининг буйруғи билан белгиланади.

 

Ҳарбий хизматчиларнинг билдиргиларини кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳарбий қисм командири тегишли буйруқ чиқаради.

 

Шунингдек белгиланишича, махфийликни таъминлаш мақсадида ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматни ўтаётган барча ҳарбий қисмлар фуқаро ходимларининг пластик карталарига хизмат кўрсатиш учун Халқ банкининг филиалларида ҳисоб рақамларини очадилар. Бунда ҳарбий қисмлар фуқаро ходимларига пластик карталарни очиш учун ҳақ ундирилмайди.

 

Ҳужжатда ҳарбий қисм ва Халқ банки филиалининг ҳарбий хизматчилар ҳамда фуқаро ходимларга пул маблағларни тўлаш юзасидан ўзаро алоқа қилиш тартиби батафсил қайд этилган.

 

Омонат дафтарчаси ёки пластик карта йўқотилганлиги учун уларнинг эгасидан Халқ банки тарифларига мувофиқ жарима ундирилади.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 14 мартдаги 10-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.