Президентнинг 4.02.2021 йилдаги ПҚ-4977-сон қарори билан Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фанлар академияси муассислигида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш;
- Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этиш;
- Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашиш, улар яратган илмий ва бадиий асарларни жамлаш, шоир ижодини ўрганаётган, жумладан хорижий давлатлардаги илмий-ижодий марказлар билан ҳамкорлик қилиш;
- ҳар йили Алишер Навоий туғилган сана – 9 февраль куни халқаро конференция (симпозиум) ва «Навоийхонлик кунлари»ни ташкил этиш ва ўтказиш.
Шунингдек ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- Фонд Васийлик кенгашининг таркиби ва унинг ваколатлари;
- Фонднинг тузилмаси;
- Фонд маблағларини шакллантириш манбалари.
Фонд Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 70-уй манзилида жойлаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.02.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.