Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2018 йилдаги 237-сон қарори билан Қурол-яроғ, ҳарбий техникани яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш ҳамда бўшаётган ҳарбий-техника воситаларини тугатиш ва қайта ишлаш тартиби белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, қуйидагилар мажбурий равишда лицензияланиши керак:
- қурол-яроғ ва унинг ўқ-дориларини, ҳимояланиш воситаларини, ҳарбий техникани, уларнинг эҳтиёт қисмлари, бутловчи қисмлари ва приборларини, агар улардан бошқа тармоқларда фойдаланилмаса, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материалларни ва махсус асбоб-ускунани яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш;
- бўшаётган ҳарбий-техника воситаларини тугатиш (йўқ қилиб ташлаш, утилизация қилиш, кўмиб ташлаш) ва қайта ишлаш.
Кўрсатилган фаолият турлари фақат Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Бу – муҳим! Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари ва муассасалари, башарти бундай қарорларда ушбу фаолият турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, улар билан лицензия олмасдан шуғулланишга ҳақлилар.
Илгари Вазирлар Маҳкамаси лицензияловчи орган эди. Ҳозир ушбу вазифалар Мудофаа саноати давлат қўмитасига юклатилган. Лицензия бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқувчи ишчи орган – кўрсатилган давлат қўмитасининг Давлат мудофаа буюртмасини бажариш бошқармасининг сифат назорати, стандартлаштириш ва лицензиялаш бўлими.
Лицензиянинг амал қилиш муддати – 5 йил, талабгорнинг аризасига кўра камроқ муддат белгилаш имкони мавжуд.
Шу жумладан давлат (ҳарбий) сирини ўз ичига олган маълумотлардан фойдаланиладиган фаолият турлари учун лицензия талаблари ва шартлари белгиланган:
- махфий ишларни юритиш ва объект ичидаги режимга риоя этиш;
- ходимларда давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқининг мавжудлиги;
- лицензияланадиган фаолият тури амалга ошириладиган объектларнинг ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш, физик ва техник ҳимоялаш чора-тадбирларини ўтказиш.
Лицензия олиш тартиби
Лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- барча зарур реквизитлар кўрсатилган ариза;
- талабгорда зарур асбоб-ускуналар ва ўлчов воситалари, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (хизмат ёки ишнинг) техник ҳужжатлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- объектнинг ёнғин, экология ва санитария хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- объектнинг техник жиҳозланганлиги ва ИИБ техник муҳофаза қилиш марказига (пунктига) уланганлиги тўғрисидаги маълумотлар – «махфий» ишлар амалга ошириладиган объектлар учун;
- маҳсулот ҳужжатлари, материаллари, ярим тайёр маҳсулотлари, бутловчи қисмлари бут сақланиши ташкиллаштирилганлиги тўғрисидаги (утилизация қилиш ва тугатиш ишлари учун – қимматбаҳо металлар бут сақланиши учун шароитлар тўғрисидаги) маълумотлар;
- аризани кўриб чиққанлик учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.
Тақдим этилган ҳужжатлар 25 кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиб, ижобий ёки салбий хулоса расмийлаштирилади. Хулоса асосида лицензияловчи орган 5 кунлик муддат ичида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда лицензия келишуви тузилади.
Лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида давлат божи ундирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 2.04.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.